ПАХТАЧИДА САЙЁР ҚАБУЛ ЎТКАЗИЛДИ

Вилоят ҳокимлигининг бу йилги оммавий сайёр қабули олис туманлардан бири - Пахтачидан бошланди.

Тумандаги педагогика коллежида ўтказилган қабулда вилоят ҳокимлиги билан бирга, бошқа секторлар бошлиқлари, вилоятдаги бошқармалар ва тегишли идоралар раҳбарлари ҳамда тумандаги мутасаддилар иштирок этишди.

Қабулда 496 нафар фуқаронинг мурожаати қайд этилди. Барча масалалар бирма-бир тингланиб, уларнинг ечими юзасидан масъуллар бириктирилди. Мурожаатларнинг аксариятини электр ва газ таъминоти, йўл қурилиши, бандлик, тиббий хизмат ҳамда уй-жой масалалари ташкил этди.

- Қишлоғимизда электр энергияси таъминотида муаммолар кўп, - дейди Ҳунарманд маҳалласида яшовчи Азамат Каримов. – Трансформатор ва симёғочларни алмаштириш масаласида вилоят ҳокимига мурожаат қилдим. Шу йилнинг июль ойигача бу муаммо бартараф этилиши бўйича мутасаддиларга топшириқ берилди.

Мурожаат қилган пахтачиликлар орасида ўтган йилги сайёр қабулда ўртага ташланган муаммолар ўз вақтида ечимини топганлиги учун миннатдорлик билдириш мақсадида келган фуқаролар ҳам бўлди. Шунингдек, Истиқлол маҳалласида яшовчи Қундуз Ҳотамова ўзи ташкил этган тикувчилик цехига хотин-қизларни ишга таклиф қилиш учун сайёр қабулга келганлигини айтди.

- Тўрт мучаси соғлом одам ҳаракат қилиши керак, - дейди Қ.Ҳотамова. – Кимдандир ёрдам кутиб яшаш билан ҳаёти ўзгармайди. Бироз қийинчилик билан бўлса-да, банкдан кредит олиб, махсус иш кийимлари тайёрланадиган кичик корхонамни ташкил қилдим. Сайёр қабулга 5 нафар хотин-қизни тикувчиликка ишга қабул қилиш истагида келдим. Уларга иш унумдорлигига қараб кунига 50 минг сўмгача иш ҳақи беришим мумкин.

Сайёр қабулда ушбу ёш тадбиркорнинг ташаббуси қўллаб-қувватланиб, яна 10 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаш шарти билан уч кун ичида 10 та тикув машинаси хариди учун 30 миллион сўмлик имтиёзли кредит бериш таклифи билдирилди. Тадбиркор бу таклифни қабул қилди.

Қабул давомида масъулларга топширилган масалаларнинг ижроси бир ҳафта ичида муҳокама этилиши белгиланган ҳолда ҳар бир ҳудудда уйма-уй юриб, аҳолининг муаммосини ўрганиш ва ҳал этиш зарурлиги таъкидланди.

Cайёр қабулдан сўнг туманнинг Султонобод ҳудудида жойлашган Қувондиқ ва Ёбу маҳаллаларида бўлиб, аҳоли билан суҳбатлашилди. Ҳудуддаги ҳолат билан танишилди.

Маҳалла аҳолиси билан суҳбат давомида билдирилган таклиф ва мурожатлардан келиб чиқиб, Қувондиқ маҳалласидаги 5 километр йўлни жорий йил Наврўз байрамигача, Ёбудаги 3 километр йўлни эса 1 майгача асфальт қилиш, ҳудудларни ободонлаштириш ҳамда ёшларни бандлигини таъминлаш мақсадида имтиёзли кредит ажратиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берилди.

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15