Мобил қурилмалар рўйхатга олинади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 сентябрдаги мамлакат ҳудудига ноқонуний тарзда кириб келаётган мобил алоқа воситалари савдосига чек қўйиш, фойдаланувчиларнинг шахсий телефонини йўқотиш ёки ўғирлатиш ҳолатларини камайтиришни назарда тутган қарорига мувофиқ Ўзбекистон ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмалар рўйхатга олинади.

Мобил қурилмалар IMEI кодларини рўйхатдан ўтказиш жараёни уч босқичда ўтказилмоқда:

Илк босқич — шу йилнинг 1 апрелидан бошланган ва бу 1 ноябрга қадар давом этади. Унда барча мобил алоқа терминаллари автоматик тарзда бепул, фойдаланувчиларнинг иштирокисиз, фақатгина алоқа операторлари томонидан UZIMEI базасига ўтказилмоқда.

Иккинчи босқич — бир ой давом этади, яъни 1 ноябрдан 1 декабргача. Бу муддат ичида жисмоний шахслар, импорт қилувчилар ва ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳам мобил қурилмаларни бепул рўйхатдан ўтказишади. Бу жараён почта алоқа бўлимлари, SMS ва USSD сўровлар, UZIMEI тизими оператори ва Ўзбекистон Республикасининг ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади.

Учинчи босқич — 1 декабрдан бошланади ва пулли асосда рўйхатга олинади.

Пул қиймати қарорда белгиланганидек, импорт қилувчилар учун БҲМ (базавий ҳисоблаш миқдори)нинг 20 фоизи, ишлаб чиқарувчиларга 10 фоизи, жисмоний шахслар учун эса 30 кун давомида мурожаат қилса 20 фоизи, бир ойдан ошиб кетса 25 фоизи миқдоридадир. Туристлар, вақтинчалик Ўзбекистонга ташриф буюрганлар учун эса 30 кун мобайнида бепул, ундан ошса 20 фоизли тўлов талаб этилади.

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15