ОСОЙИШТАЛИК ПОСБОНЛАРИ ЯНГИ БИНОДА

Бугунги кунда мамлакатимизда Ички ишлар органлари моддий-техник базасини ривожлантириш, соҳа ходимларига қулай хизмат шарт-шароитлари яратиш мақсадида қатор амалий ишлар қилинмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасини жойларда тизим хизматчилари учун янгидан қурилаётган маъмурий бинолар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Ургут тумани бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасининг янги комплекс биноларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов, вазирликнинг бир гуруҳ мутасаддилари, туман ҳокими М.Турдиев, соҳада узоқ йиллар самарали меҳнат қилган фахрийлар ва жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Тадбирда сўз олганлар жамиятда барқарорлик, тинчлик ва осойишталикни қарор топтириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, ҳуқуқий демократик давлат қуриш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан кўзланган мақсадларга эришишнинг муҳим шарти ҳисобланишини таъкидлашди.
Шунинг учун ҳам сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Ички ишлар тизимини тубдан ислоҳ қилиш, унинг фаолияти самарадорлигини замонавий босқичга кўтаришдек ғоят мураккаб вазифа доимий равишда кун тартибига қўйиб келинмоқда.
Дарҳақиқат, ўтган қисқа давр мобайнида, айниқса, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида янги иш услублари жорий этилди ва бу соҳада яхлит ҳуқуқий тизим яратилди.
Маълумот ўрнида келтирсак, туман бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасининг аввалги биноси 1932 йилда хом ғиштдан қурилган бўлиб, ҳар томонлама эскириб, замон талабларига жавоб бермай қолган эди. Боз устига, ходимлар учун хоналар етишмас, намунали хизмат олиб боришларига қатор ноқулайликлар тўсқинлик қиларди.
Бошқарманинг умумий қиймати 11 миллиард 200 миллион сўмни ташкил этган янги комплекси қурилиши 2016 йил сентябрь ойида бошланиб, 2018 йилнинг июль ойида якунланди. 134 та хизмат хоналаридан иборат янгидан қурилган бинолар қўриқлаш, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш, йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимларини ўз ичига олиб, жами 220 та ходимга хизмат кўрсатади.
Маъмурий ҳудудда ходимлар учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида саф тайёргарлиги майдони, жанговар ўқ отиш учун тир, спорт майдончаси, мини стадион, қишки усти ёпиқ машғулотлар зали, ювиниш хоналари, 250 нафар ходимга мўлжалланган катта мажлислар зали ҳамда барча қулайликларга эга бўлган 50 кишилик ётоқхона барпо этилган.
Ўйлаймизки, янгидан қурилган ушбу маъмурий бинолар келажакда туман аҳолисининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлашда муносиб хизмат қилади.
Шермат САНАЕВ

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15