Поранинг юзи қора

Халқимиз пора берганни ҳам олганни ҳам юзи қора, дея бежизга ҳикмат айтмаган. Чунки миллий қонунчилигимизга асосан ҳам пора олган шахс билан биргаликда пора берган, қолаверса ўртада  воситачилик қилганларга ҳам жавобгарлик жорий этилгани бу иллатнинг олдини олишда яхшигина қурол вазифасини ўтайди, дейиш мумкин. келинг, фикримизни исботи сифатида коррупцияга қарши кураш сифатида амалиётга жорий қилинган ҳуқуқий асослардан бирини келтириб ўтайлик. 
Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шунингдек, Президентимизнинг коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирларга оид қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг коррупция билан боғлиқ жиноятларга оид 210, 211, 212, 213-моддаларига ўзгартиришлар киритилди.
Шу ўринда, “Хўш коррупция ўзи нима ва унинг ижтимоий хавфлилик хусусияти нимада?” деган ўринли савол туғилади. Коррупция тушунчасига Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” ги қонунининг 3-моддасида таъриф бериб ўтилган бўлиб, коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш ҳисобланади.Ушбу қонуннинг 7-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар, Адлия вазирликлари, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жинотяларга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари ҳисобланади. Жумладан, коррупцияга қарши курашишда мазкур давлат органлари аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга оширади.  
Шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлайди. Бундан англашиладики, Янги Ўзбекистонимизда коррупцияга қарши бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинаётганлиги ва унинг ижроси юзасидан жойларда ўтказилаётган тарғибот тадбирлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг коррупция билан боғлиқ жиноятларга оид 210, 211, 212, 213-моддаларига жавобгарлик чорасини кучайтириш билан боғлиқ бир қатор ўзгартишлар киритилганлиги давлатимизда коррупцияга қарши курашиш ишлари янги поғонага чиқди, дейиш мумкин. Шундай экан, ҳар биримиз эндиликда мамлакатимиз равнақи учун ушбу иллатга қарши курашишни асосий бурчимиз, деб билишимиз лозим. Шундагина коррупциясиз барқарор жамиятни келажакка тақдим эта оламиз.   Фуқаролик ишлари бўйича Ургут туман судининг судьяси Ш.А.Мухамматқулова

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15