ҲОКИМ ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШДИ

30 июнь - Ўзбекистон Республикаси ёшлари куни. Шу муносабат билан Ургут маданият ва истироҳат боғида байрам тантанаси бўлиб ўтди. Тадбирда туманимиздаги барча таълим масканлари, ташкилот ва муассасалардаги Ёшлар иттифоқи сардорлари, Республика, вилоят билимлар танловларининг ҳамда спорт мусобақаларининг ғолиблари, фаол ёшлар етакчилари иштирок этди.
Айниқса, "Ҳоким ва ёшлар" учрашуви ўғил-қизлар учун очиқ мулоқот майдонига айланди. Улар туман ҳокими М.Турдиев билан учрашув чоғида ўз фикр-мулоҳазаларини, қарашларини, таклифларини баён этиш имконига эга бўлишди.
Мулоқот давомида ёшлар томонидан билдирилган энг кўп таклифлар китобхонлик, маҳаллаларда кутубхоналар ташкил этиш, тадбиркорликни йўлга қўйиш, эрта турмушга чиқишнинг олдини олиш масалалари билан боғлиқ бўлди.
Ҳоким ёшларнинг саволларига батафсил жавоб берар экан, яқин орада истироҳат боғи ҳудудида республикамиздаги энг чиройли ахборот-ресурс марказларидан бири бўлиши кутилаётган бинонинг қурилиши бошланишини маълум қилди. 
Шунингдек, туманда "Энг яхши китобхон", "Энг яхши китобхон оила", "Энг яхши кутубхона" кўрик-танловлари ўтказилишини ва ғолиблар муносиб тақдирланишини таъкидлади.
Жамоат ишларида фаол қатнашиб келаётган ёшларга туман ҳокимлиги ҳамда Ёшлар иттифоқининг фахрий ёрлиқ, ташаккурномалари, янги нашр этилган китоблар топширилди.
Жасур МАМАДАМИНОВ

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15