Қачон эътиборли бўламиз? Ёхуд нега карантин талабларига бефарқ қараяпмиз?

Республика махсус комиссиясининг қарорига биноан карантин талабларини кучайтириш чоралари белгиланди. Тиббий ниқоб тақиш, қўлларни тез-тез дезинфекция қилиш, оралиқ масофани сақлаш, санитария-гигиена талабларига қатъий риоя этиш касалликка қарши курашнинг бош чораларидан бири ҳисобланади.

Хўш, бу талабларга қанчалик риоя этмоқдамиз? Кўчага чиқсангиз, жамоат жойларида ҳамон ниқобсиз юрган, ёки ниқобини иягига тушуриб олган кимсаларга кўзингиз тушади. Афсуски, олдимизга қўйилган ана шу оддий талабнинг бузилиши, унга риоя этмаслигимиз мудҳиш касалликка гирифтор бўлишимизга асосий сабабчидир. Қўйилаётган талабларга қарамасдан кўпчилик ниқобсиз юришни одат қилганлиги афсусланарлидир. Ҳолбуки, COVID-19нинг бу галги ҳужуми ўтган йилгидан анча хатарли кечаётганлигини эсга олишни ҳам истамаяпмиз. Дунёнинг энг ривожланган мамлакатларни ҳам ўз домига тортаётган бу балодан биргина Ҳиндистонликлар қанчалик жафо чекаётганлигини, оқибати жуда хатарли бўлишини негадир ўйлаб кўрмаяпмиз.

Огоҳ бўлмоқ, карантин талабларига риоя этмоқ, бу балога қарши курашнинг асосий чорасидир. Шундай экан, кўзимизни очиб, карантин талабларига қатъий риоя этиш аввало ўз саломатлигимизни сақлаш, қолаверса, жамоадошимиз, оила аъзоларимизни ҳам касалликдан асрашга қўшган ҳиссамиз бўлишини унутмайлик.

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15