Исмни ўзгартириш тартиби қандай?

Кўп ҳолларда фуқаролар томонидан исми ёки фамилияси ўзига ёқмаслиги, исмини ўзгартирмоқчи эканлиги, фамилия исм ота исмни ўзгартириш тартиби қандайлиги юзасидан кўплаб саволлар келиб тушади.

Шунга кўра, фамилия исм ота исмни ўзгартириш тартибини қуйида кўриб чиқамиз.

Оила кодексининг 226-моддасига кўра фуқаронинг фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги аризаси ўн олти ёшга тўлгандан кейин ўзи яшаб турган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан кўриб чиқилиши, фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги хулоса ички ишлар органлари томонидан ушбу шахс тегишлича текширувдан ўтказилгандан кейингина тузилиши мумкинлиги, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органининг фамилия, исм ва ота исмини ўзгартиришни рад этганлиги устидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкинлиги белгиланган.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларига мувофиқ ариза берувчи 16 ёшга тўлгач турар жойдаги ФҲДЁ органига юқоридаги масала юзасидан ариза бериши мумкин.

Агар 16 ёшга тўлган шахс паспорт ёки паспорт ўрнини босувчи шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат олгунга қадар фамилияси, исми, ота исмини ўзгартириш ҳақида ариза берса, у ҳолда аризага туғилганлик ҳақида гувоҳнома илова қилинади.

Фамилия, исм, ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги аризалар ФҲДЁ бўлимлари томонидан қуйидаги ҳолларда кўриб чиқилади:

«Давлат тили ҳақида»ги қонунининг 15-моддасига биноан;

суднинг ҳал қилув қарори асосида;

агар фамилия ва исм эшитилишда ёқимсиз бўлса;

агар фамилия ва исм миллатига тўғри келмаса;

хоҳишга қараб никоҳгача бўлган фамилияга (никоҳда турган даврида ҳам, никоҳдан ажратилгандан кейин ҳам) қайтишда;

оила учун умумий фамилияда бўлиш истаги пайдо бўлганда (агар никоҳ тузиш пайтида эр-хотин умумий фамилия қабул қилишмаган бўлса);

16 ёшга тўлган шахсга оталикни белгилашда.

Исм-фамилия, ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

ариза берувчининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси;

агар ариза берувчи никоҳда турган бўлса, у ҳолда никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳномаси, агар никоҳдан ажратилган бўлса — никоҳдан ажралганлик ҳақидаги гувоҳномаси;

агар ариза берувчининг вояга етмаган болалари бўлса, у ҳолда болаларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари;

ариза берувчининг паспортидан ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатидан кўчирма;

агар ариза берувчи вояга етмаган ёки суд қарори билан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, у ҳолда ота-онасининг ёхуд васий ёки ҳомийнинг аризаси;

1 дона (3х4 ўлчамли) фотосурат.

Маълумот ўрнида фамилия, исм ва отасининг исмини ўзгартиришда
16 ёшдан 18 ёшгача бўлган фуқаролардан жами 171 000 сўм ( БҲМнинг
50% – 122 500 сўм, герб йиғими БҲМнинг 15% 36 750 сўм (берилган ҳар бир гувоҳнома учун) ва пуллик хизмат 5% – 12 250 сўм), 18 ёшдан юқори фуқаролардан жами 294 000 сўм (БҲМнинг 100% – 245 500 сўм, герб йиғими БҲМнинг 15% 36 750 сўм (берилган ҳар бир гувоҳнома учун) ва пуллик хизмат 5% – 12 250 сўм) ундирилади.

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15