“Ургут” эркин иқтисодий зонаси – Самарқанд иқтисодиётининг таянчи бўлади

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги олдидан

2016 йил октябрь ойида Самарқандга ташриф буюрган давлатимиз раҳбари Ургут саноат ҳудудидаги ишлар, амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар билан танишган эди. Ургутлик тадбиркорлар билан суҳбатлашиб, уларни қийнаётган масалалар билан қизиққан, самарали фаолият олиб боришлари учун қандай имкониятларни яратиш зарурлигини сўраганди.

Шундан сўнг, 2017 йил 12 январда Президент фармони билан Самарқанд вилоятида “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилди. Саноат зонаси учун Ургут, Пастдарғом, Нуробод туманлари ҳамда Самарқанд шаҳри ҳудудида 918 гектар ер майдони ажратилди.

Бугунги кунда “Ургут” эркин иқтисодий зонасида қиймати 402 миллион АҚШ долларидан зиёд 84 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Шу пайтгача 313 миллион АҚШ долларилик 55 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиб, ҳудудда бир қатор саноат корхоналари иш бошлади ва уларда 4300 нафардан ортиқ киши меҳнат қилаяпти. Ушбу корхоналар томонидан газ плиталари, енгил саноат ва чарм-пойабзал товарлари, гиламлар, гигиена воситалари, электр техникаси буюмлари каби 220 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. 2020 йилда 1,2 триллион сўмлик маҳсулот тайёрланиб, 30 миллион АҚШ долларилик экспорт қилинган.

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 15-16 апрель кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Ургутда бўлиб, эркин иқтисодий зонада фаолият кўрсатаётган корхоналар фаолияти билан танишди, тадбиркорлар билан суҳбатлашди.

– Давлатимиз раҳбарининг Ургутга бу галги ташрифи бундан тўрт йил аввал айтилган фикрлар, ўртага ташланган ғоя ва ташаббусларнинг амалий натижаси билан танишув бўлди, десак муболаға бўлмайди, – дейди “Ургут” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси бошлиғи Жамшид Ҳайдаров. – Президентимиз фаолияти билан танишган корхоналар, намойиш этилган маҳсулотларнинг барчаси “Ургут” эркин иқтисодий зонасининг меваси, кейинги уч-тўрт йилда амалга оширилган лойиҳалар. Масалан, Сариқтепа массивида ҳозирда ўнлаб йирик корхоналар фаолият олиб бораётган жой тўрт йил аввал катта дашт бўлган. Бу ерда на коммуникация тармоқлари, на бир бино, иншоот бор эди. Ҳозир эса бу ер кичикроқ бир шаҳарча кўринишини олди. Уч-тўрт корхона ишлаб турган Мерганча массивида ҳам ҳозир бўш жойнинг ўзи қолмади. Ҳаммаёқ ишлаб чиқариш, саноат корхоналари билан тўлди. Худди шундай, иқтисодий зонага ажратилган Пастдарғом туманининг Дўстлик, Нурободнинг Сазағон, Самарқанд шаҳрининг Хишрав-2 массивларида замонавий ишлаб чиқариш корхоналари фаолият бошлади. Яна 29 та лойиҳа бўйича қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, қиймати 144 миллион АҚШ долларилик 21 та қўшимча лойиҳа шакллантирилган, 33 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.

Давлатимиз раҳбари ҳудуддаги корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маиший техника воситалари, гилам ва гилам маҳсулотлари, енгил саноат ва чарм-пойабзал товарлари, қурилиш материалларини кўздан кечириб, замонавий технологиялар асосида тайёрланаётган бу маҳсулотларнинг сифатини янада ошириш ва жаҳон бозорида рақобатбардошлигини таъминлаш, экспорт миқдори ва географиясини кенгайтириш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди. Айни пайтда 60-70 фоизни ташкил этаётган маҳаллийлаштириш даражасини янада ошириш лозимлиги таъкидланди.

“Инсон астойдил ният қилса, албатта эришар экан”

“Urgutini” ва “USS” бренди остида эркаклар кўйлаклари ишлаб чиқараётган “Urgut sanoat servis” корхонаси раҳбари, ёш тадбиркор Мажидхон Исломов Президент билан суҳбатлашиб, давлат раҳбарининг эътибори ва эътирофига сазовор бўлганидан ҳали-ҳануз ҳаяжонда.

– Давлатимиз раҳбари бизнинг маҳсулотларимиз намойиш этилаётган жойга келиб, “Сен ҳақингда эшитдим, хорижга бориб иш ўрганиб келиб, ўзимизда ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган экансан, раҳмат сенга” деганларининг ўзи мени осмонга чиқариб қўйди, – дейди М.Исломов. – Жуда самимий, очиқча гаплашдилар, оталардек меҳрибонлик кўрсатдилар. Туркияга бориб иш ўрганиб келиб, “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилгач, берилган имтиёзлардан фойдаланиб, ўз корхонамга эга бўлганим, хориж брендларига ҳавас қилиб, миллий брендимизни яратганим ҳақидаги гапларимни диққат билан эшитдилар. Фаолиятимни қўллаб-қувватлаб, қандай ёрдам керак бўлса, имконият яратиб беришларини айтдилар. Аслида, бугун саноат зонамизда тадбиркорга қандай имтиёз ва енгиллик, имконият керак бўлса, барчаси яратилган. Бундан миннатдор бўлишимиз керак. Яна денг, Президентимиз Самарқандга келишидан икки кун олдин ёшлар масаласида видеоселектор йиғилиши ўтказиб, тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган ва шундай ниятдаги ёшларга катта имтиёзлар бердилар. Ёшларни ишга қабул қилган корхоналар ҳам кўп енгилликларга эга бўлди. Фурсатдан фойдаланиб, шу ҳақда айтиб, у кишига миннатдорлик билдирдим.

2017 йилда фаолиятини ижарага жой олиб, беш-ўнта тикув машинаси ва шунча ишчи билан бошлаган М.Исломов бугун иқтисодий зонадаги истиқболли корхонанинг эгаси. 50 дан ортиқ ишчи, асосан ёшлар Туркия ва Хитойдан келтирилган ускуналар ёрдамида йилига 600 минг дона эркаклар кўйлаги ишлаб чиқармоқда. Ўтган йил корхона 10,2 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариб, 100 минг долларлик маҳсулот экспорт қилган. Бу йил эса ишлаб чиқаришни 2 миллард сўмга, экспортни икки баробар ошириш режалаштирилган.

– Инсон чин дилдан ният қилиб, интилса, албатта, ниятига эришар экан – дейди М.Исломов. – Туркияда иш ўрганиб юрган пайтимда “мен ҳам ўз корхонамни очаман, Ургут бренди билан маҳсулот ишлаб чиқараман” деб ният қилардим. Баъзан қийналган пайтларимда “шу ҳунарни ўрганиб олсам, ўзимизга бориб ҳаммага ўргатаман, ҳеч кимдан ёрдамимни аямайман” деб ўзимга ўзим сўз берардим. Худога шукр, ўша орзуларим бугун амалга ошмоқда. Кўплаб ёшларга шу ҳунарни ўргатдим, ҳозир улар ҳам мустақил фаолият олиб боряпти. Пайариқ, Қўшработ, Самарқанд шаҳридан келиб, ишлаб, ҳам шу ишни ўрганиб кетганлар бор. Яқинда пайариқлик шогирдимнинг отаси қўнғироқ қилиб, “биз ҳам ишлаб чиқаришни бошладик” деди ва миннатдорлик билдирди. Мана шундай пайтда қалбимда уйғонган қувонч ва фахрни сўз билан таърифлаш қийин. Мен олдимга катта мақсадлар қўйдим. Корхонамни кенгайтираман, келгусида толани қайта ишлашдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўяман.

Савдогарликдан ишлаб чиқарувчиликка

“UR JEANS” масъулияти чекланган жамияти эркин иқтисодий зонада тадбиркор ёшлар томонидан ташкил этилган яна бир истиқболли корхоналардан бири. 1,6 миллион долларлик мазкур лойиҳа уч йил давомида амалга оширилиб, ўтган йил апрель ойида ишлаб чиқариш фаолиятини бошлади. Бу ерда йилига 510 минг дона шим, тунги кийим ва бошқа кийим-кечак тайёрлаш мумкин.

– Фаолиятимизни ака-укаларимиз билан бирга савдо-сотиқдан бошлаганмиз, – дейди корхона раҳбари ўринбосари Даврон Ҳалимов. – Хитой, Туркия ва бошқа давлатлардан кийим-кечак олиб келиб сотардик. Кейин ўзимизнинг туманимизда бир неча корхоналар очилиб, тадбиркорлар ишлаб чиқариш билан шуғуллана бошлагач, бизда ҳам шундай истак туғилди. “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилиб, тадбиркорларга кўплаб имтиёз ва енгилликлар берилгач, бу истагимиз қатъий мақсадга айланди. Лойиҳа ишлаб чиқиб, дирекцияга тақдим этганимиздан сўнг бизга Сариқтепа массивидан бир гектар ер ажратиб берилди. Икки йил давомида қурилиш ишларини бажариб, Германия, Туркия ва Хитойдан замонавий тикув машиналари ва бошқа жиҳозлар келтириб, ўтган йил фаолиятни бошладик. Асосий йўналишимиз – эркаклар кийим-кечаклари, жинси шим ишлаб чиқариш. Шу пайтгача бундай маҳсулотлар бизга асосан хориждан келтириларди. Энди ўзимизда тайёрланмоқда. Ҳозирча юртимизда ишлаб чиқарилган ва Хитойдан келтирилаётган матодан фойдаланяпмиз. Лекин яқин йилларда иккинчи лойиҳани амалга ошириб, матони ҳам ўзимиз ишлаб чиқармоқчимиз. Шунингдек, оёқ кийимлари тайёрлашни йўлга қўйишни режалаштирганмиз.

Дастлаб 25 нафар ишчи билан фаолият бошлаган корхонада ҳозирда 70 киши доимий иш билан банд. Жорий йилнинг биринчи чорагида 2 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 100 минг АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилинган.

Иқтисодий зона ҳудуди ҳам, имкониятлари ҳам кенгаяди

Давлатимиз раҳбари ташриф давомида, шунингдек, вилоят фаоллари иштирокидаги йиғилишда “Ургут” эркин иқтисодий зонаси имкониятларидан самарали фойдаланиш, янги ва истиқболли лойиҳаларни кўпайтириш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.

Жумладан, Ургут саноатни ривожлантиришга ихтисослашган инновацион ва инвестицион туманга айлантирилади. “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ва унинг филиалларида полиэтилен маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш лойиҳаларига 500 миллион АҚШ доллари, электротехника саноати лойиҳаларини амалга ошириш учун 250 миллион АҚШ доллар жалб этилади. Ишлаб чиқилган 144 миллион долларлик 21 та лойиҳа учун зарур миқдорда кредит ажратилади.

Эркин иқтисодий зонага берилган имтиёзлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларига қўлланилади, ҳар бирига камида 50-100 миллион доллар инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига, 200 гектар майдонда умумий қиймати 1 миллиард долларлик қўшимча саноат лойиҳалар амалга оширилади. Ушбу лойиҳаларни сифатли ишлаб чиқиш ва ижросини тизимли таъминлаш учун Лойиҳалар фабрикасининг “Ургут офиси” ташкил қилинади.

– Давлатимиз раҳбарининг Ургут туманини тўлиқ эркин иқтисодий зонага айлантириш ҳамда вилоятнинг барча ҳудудларида эркин иқтисодий зона филиалларини очиш ҳақидаги ташаббуси вилоят иқтисодиёти, тадбиркорлик ривожи учун тарихий аҳамият касб этади, – дейди “Ургут” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси бошлиғи Жамшид Ҳайдаров. – Бундан ташқари, иқтисодий зона негизида холдинг компанияси ташкил этилиши тадбиркорлар учун янги имкониятлар эшикларини очади. Умуман, Президентимизнинг бу галги ташрифлари бизнинг фаолиятимизда ҳам янги даврни бошлади.

Ҳа, давлатимиз раҳбарининг эътибори, яратиб берилаётган имкониятлар туфайли ташкил этилганига эндигина беш йил бўлаётган “Ургут” эркин иқтисодий зонасидаги ўсиш-ўзгаришлар қамрови энди бутун вилоятни қамраб, мамлакатимиз иқтисодиётида ўз аксини топади. Самарқандда тадбиркорлик, ишбилармонлик муҳити янада ривожланади.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15