Уй, экин майдони ва томорқа ер бўйича солиқлар тўғрисида биласизми?

— Яшаб турган уй, экин майдони ва томорқа ер бўйича ер мулк солиқлари тўғрисида маълумот берсангиз?

— Мулкида солиқ солиш объекти деб тан олинадиган мол-мулки бўлган жисмоний шахслар, шу жумладан, чет эл фуқаролари, шунингдек юридик шахс ташкил этган ёки этмаган ҳолдаги деҳқон хўжаликлари жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғининг солиқ тўловчилари деб эътироф этилади.

Агар мол-мулк мулкдорининг жойлашган ерини аниқлаш имкони бўлмаса, шунингдек кўчмас мулк мулкдори вафот этган тақдирда, бу мулк қайси шахснинг эгалигида ва (ёки) фойдаланишида бўлса, ўша шахс солиқ тўловчи деб эътироф этилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган қуйидаги мол-мулк жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғининг солиқ солиш объекти ҳисобланади.

1) уй-жойлар, квартиралар, дала ҳовли иморатлари;

2) тадбиркорлик фаолияти ва (ёки) даромад олиш учун мўлжалланган яшаш учун мўлжалланмаган кўчмас мулк объектлари;

3) қурилиши тугалланмаган яшаш учун мўлжалланмаган объектлар.

Қурилиши тугалланмаган яшаш учун мўлжалланмаган объектларга ушбу объектни қуришга доир лойиҳа-смета ҳужжатларида белгиланган норматив муддатда қурилиши тугалланмаган объектлар, агар қурилишнинг норматив муддати белгиланмаган бўлса, ушбу объектнинг қурилишига ваколатли бўлган органнинг рухсатномаси олинган ойдан эътиборан йигирма тўрт ой ичида қурилиши тугалланмаган объектлар киради;

4) кўп квартирали уйларга узвий боғлиқ бўлган автомашина турар жойлари, шунингдек бошқа иморатлар, бинолар ва иншоотлар.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган томонидан белгиланадиган кадастр қиймати солиқ базаси ҳисобланади.

Солиқни ҳисоблаб чиқариш мақсадида солиқ базаси 42,0 млн.сўмдан кам бўлиши мумкин эмас.

Жисмоний шахсларнинг мол-мулкини баҳолаш бўйича ваколатли орган томонидан аниқланган солиқ солиш объектининг баҳоси мавжуд бўлмаган тақдирда, мол-мулкнинг шартли қиймати Тошкент ва Нукус шаҳарларида, шунингдек вилоят марказларида — қирқ икки миллион сўмнинг беш баравари миқдорида, бошқа шаҳарларда ва қишлоқ жойларда эса — икки баравари миқдорида солиқ базаси ҳисобланади.

Битта жисмоний шахс бир нечта солиқ солиш объекти бўйича солиқ тўловчи бўлган тақдирда, солиқ базаси ҳар бир объект бўйича алоҳида ҳисоблаб чиқилади.

Солиқ имтиёзларига эга бўлган шахслар солиқ имтиёзини олишга бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни солиқ солиш объекти жойлашган ердаги солиқ органларига мустақил равишда тақдим этади ҳамда солиқ имтиёзлари мулкдорнинг танловига кўра фақат битта яшаш учун мўлжалланган кўчмас мулк объектига татбиқ этилади.

Солиқ ставкалари қуйидаги миқдорларда белгиланади:

Т/р

Солиқ солиш объектлари

Солиқ ставкалари (фоизларда)

1.

Уй-жойлар ва квартиралар, дала ҳовли иморатлари (бундан умумий майдони 200 кв.м дан ортиқ бўлганлари мустасно), кўп квартирали уйларга узвий боғлиқ бўлган автомашина турар жойлари, шунингдек бошқа иморатлар, бинолар ва иншоотлар

0,23

2.

Шаҳарларда жойлашган уй-жойлар ва квартиралар, умумий майдони:

 
 

200 кв.м дан ва 500 кв.м га қадар бўлганлари

0,3

 

500 кв.м дан ортиқ бўлганлари

0,4

3.

Бошқа аҳоли пунктларида жойлашган, умумий майдони 200 кв.м дан ортиқ бўлган уй-жойлар
ва квартиралар, дала ҳовли иморатлари

0,3

4.

Тадбиркорлик фаолияти учун ёхуд юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага беришда фойдаланиладиган солиқ солиш объектлари, шунингдек тадбиркорлик фаолияти ва (ёки) даромад олиш учун мўлжалланган, яшаш учун мўлжалланмаган кўчмас мулк объектлари

2

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органлар томонидан рўйхатга олинмаган янги қурилган уй-жойларга нисбатан солиқ ставкаси кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органлар томонидан тақдим этилган ахборот асосида мулкнинг шартли қийматига нисбатан икки баравар миқдорида қўлланилади.

Норматив муддатда қурилиши тугалланмаган яшаш учун мўлжалланмаган объектларга нисбатан солиқ ставкаси, 4 фоиз миқдорида белгиланади.

Бўш турган бинолар, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар, шунингдек қурилиши тугалланмаган объектларга нисбатан қонун ҳужжатларида оширилган солиқ ставкаларини белгилаш йўли билан юридик шахслар учун назарда тутилган таъсир чоралари қўлланилиши мумкин.

Янги иморатлар, бинолар ва иншоотлар бўйича солиқ мулк ҳуқуқи юзага келган ойдан эътиборан тўланади.

Солиқ даври учун солиқни тўлаш тенг улушларда 15 апрелга ва 15 октябрга қадар амалга оширилади.

 

Жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи

Мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқлари асосида ер участкаларига эга бўлган жисмоний шахслар, шунингдек юридик шахс ташкил этган ёки этмаган ҳолдаги деҳқон хўжаликлари жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғини солиқ тўловчилари деб эътироф этилади.

Уй-жой, яшаш учун мўлжалланмаган иморатлар ва иншоотлар мерос бўйича ўтиши билан биргаликда мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқи ўтган ер участкалари учун ер солиғи мерос қолдирувчининг солиқ мажбуриятларини инобатга олган ҳолда меросхўрлардан ундирилади.

Қуйидаги ер участкалари жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғининг солиқ солиш объектидир:

1) деҳқон хўжалигини юритиш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга берилган ер участкалари;

2) якка тартибда уй-жой қурилиши учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга берилган ер участкалари;

3) жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилигини юритиш учун берилган, шунингдек якка тартибдаги ва жамоа гаражлари эгаллаган ер участкалари;

4) хизмат юзасидан берилган чек ерлар;

5) мерос бўйича, ҳадя қилиниши ёки сотиб олиниши натижасида уй-жой ва иморатлар билан биргаликда мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқи ҳам ўтган ер участкалари;

6) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мулк қилиб сотиб олинган ер участкалари;

7) тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун фойдаланишга ёки ижарага берилган ер участкалари.

Кўп квартирали уйларда жойлашган яшаш учун мўлжалланмаган кўчмас мулк объектлари ҳам солиқ солиш объекти ҳисобланади.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органнинг маълумотлари бўйича ер участкаларининг майдони солиқ базасидир.

Деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар бўйича солиқ базаси норматив қийматдан ҳисобланади.

Солиқ имтиёзлари, якка тартибдаги уй-жой қурилиши, деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органда рўйхатдан ўтказган жисмоний шахсларга берилади. Бунда мазкур солиқ имтиёзлари солиқ тўловчининг танлови бўйича фақат битта ер участкасига берилади.

Солиқ имтиёзларига эга бўлган шахслар солиқ имтиёзларини олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларини ер участкаси жойлашган ердаги солиқ органларига мустақил равишда тақдим этади.

Республика ҳудудлари кесимида базавий солиқ ставкалари 1 кв. м учун мутлақ ўлчамда белгиланади.

Солиқ ставкаларини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва вилоятлар халқ депутатлари Кенгашлари ҳамда туманлар ва шаҳарлар халқ депутатлари Кенгашлари томонидан белгиланади. (soliq.uz сайтида кўриш мумкин)

Деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерларга солиқ ставкаси қишлоқ хўжалиги экинзорларининг норматив қийматига нисбатан 0,95 фоиз миқдорда белгиланади.

Тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиладиган ер участкалари учун ёхуд уйлар, дала ҳовли иморатлари, якка тартибдаги гаражлар ва бошқа иморатлар, иншоотлар юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берилганда, шунингдек жисмоний шахсларнинг мулкида бўлган, яшаш учун мўлжалланмаган кўчмас мулк объектлари эгаллаган ер участкалари учун солиқ жисмоний шахслардан юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлаш учун белгиланган солиқ ставкалари бўйича ундирилади ҳамда имтиёзлар уларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Бўш турган бинолар, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар, шунингдек норматив муддатида қурилиши тугалланмаган объектлар жойлашган ер участкаларига нисбатан қонун ҳужжатларида оширилган солиқ ставкаларини белгилаш йўли билан юридик шахслар учун назарда тутилган таъсир чоралари қўлланилиши мумкин.

Якка тартибда уй-жой қуриш ва турар жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкаларининг томорқа қисмига қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ёки уни ободонлаштириш амалга оширилмаган тақдирда солиқ уч баравар миқдорда тўланади.

Ер участкаларидан ҳужжатларсиз ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланилганда, солиқ ставкаси белгиланган солиқ ставкаларининг уч баравари миқдорида белгиланади.

Жисмоний шахсларга якка тартибдаги турар жой қуриш ва ободонлаштиришга берилган томорқа ер участкаларига якка тартибдаги уй-жой қуришга берилган ер участкалари учун белгиланган ставка қўлланилади.

Йил мобайнида ер участкаси майдони ўзгарганда ва имтиёзларга бўлган ҳуқуқ юзага келганда (тугатилганда) солиқ органлари мазкур ўзгаришлардан кейин бир ой ичида солиқни қайта ҳисоб-китоб қилиши ҳамда солиқ тўловчига солиқ суммаси ва уни тўлаш муддатлари кўрсатилган янги ёки қўшимча тўлов хабарномасини тақдим этиши керак.

Кўп квартирали уйларда жойлашган турар жой бўлмаган кўчмас мулк объектлари билан банд бўлган ер участкалари бўйича солиқ турар жой бўлмаган кўчмас мулк объектининг қаватлар сонига бўлинган майдонидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.

Йил давомида ажратилган ер участкалари учун солиқ ер участкаси ажратилган ойдан кейинги ойдан эътиборан жисмоний шахслар томонидан тўланади.

Ер участкаси майдони камайтирилган тақдирда, солиқни тўлаш ер участкаси камайтирилган ойдан эътиборан тугатилади (камайтирилади).

Солиқ бўйича имтиёзлар белгиланган тақдирда, бу солиқ имтиёзга бўлган ҳуқуқ юзага келган ойдан эътиборан тўланмайди. Солиқ бўйича имтиёзларга бўлган ҳуқуқ тугатилган тақдирда, бу солиқ мазкур ҳуқуқ тугатилган ойдан кейинги ойдан эътиборан тўлана бошлайди.

Солиқ даври учун солиқни тўлаш жисмоний шахслар томонидан 15 апрель ва 15 октябрга қадар тенг улушларда амалга оширилади.

Саволга Давлат солиқ қўмитаси Ресурс солиқлар маъмуриятчилиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нодир Кадиров жавоб берди.

манба http://hudud24.uz/uy-ekin-maydoni-va-tomor%d2%9ba-er-b%d1%9eyicha-soli%d...

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15