КИЧИК БИЗНЕС ҲИМОЯСИ МУСТАҲКАМЛАНМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2016 йил 5 октябрдаги ПФ-4848-сонли “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига кўра кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг ноқонуний аралашувини тубдан қисқартириш профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналиши ҳамда давлат органларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгиланди.

Тадбиркорликни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишлар натижасида туманнинг Почвон қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида 2016 йил давомида қишлоқ хўжалигида 44 та, савдо ва умумий овқатланишда 4 та ва хизмат кўрсатишда 5 та тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Натижада, ўнлаб янги иш ўринлари яратилди. 

“Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилингани муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни кучга кирди. 

Қонуннинг 3-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 271-моддаси 11-банди билан, 305-моддаси тўртинчи қисм билан тўлдирилади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 271-моддаси 11-бандига мувофиқ, “агар ушбу Кодекс 215-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган тадбиркорлик субъектининг мансабдор шахслари ёки ходимлари ёхуд тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаролар ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан эътиборан ўттиз кунлик муддатда йўл қўйилган бузилишларни ихтиёрий равишда бартараф этган ва (ёки) етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, бундан фуқароларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига зарар етказилган ҳоллар мустасно, деб белгиланди ва бундай ҳолатда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмаслиги, бошланган иш эса тугатилиши лозимлиги қайд этиб қўйилди.

Шуниндек, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 305-моддаси тўртинчи қисмига мувофиқ, “Ушбу Кодекс 271-моддасининг 11-бандида назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги иш маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ва ишнинг бошқа материаллари ишни кўриб чиқишга ваколатли орган (мансабдор шахс) томонидан олинган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда кўриб чиқилади” деб мустаҳкамлаб қўйилди.

Тадбиркорлик субъектининг мансабдор шахслари Ўзбекистон Республикаси МЖтК, 215-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик (давлат статистика ҳисоботини белгиланган топшириш муддати ўтгандан сўнг умуман топширмаганда)ни биринчи марта (охирги 1 йил давомида) содир этганда, давлат статистика органлари қуйидаги ишларни амалга оширадилар:

- тадбиркорлик субъектининг мансабдор шахсига давлат статистика ҳисоботини 30 кунлик муддатда топшириш лозимлиги тўғрисидаги расмий огоҳлантириш хати юборади;

- тадбиркорлик субъектининг мансабдор шахси расмий огоҳлантириш хатини олгандан сўнг, давлат статистика ҳисоботини 30 кунлик муддат ичида топширса, унга нисбатан маъмурий иш юритиш бошланмайди (бошланган иш Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 271-моддаси 11-банди ҳамда 310-моддаси биринчи қисми, 2-банди ва иккинчи қисмига асосан тугатилади);

- тадбиркорлик субъектининг мансабдор шахси расмий огоҳлантириш хатини олгандан сўнг, давлат статистика ҳисоботини 30 кунлик муддатда топширмаса, унга нисбатан маъмурий иш юритишни бошлаш учун расмий чақирув хати юборилади ҳамда унга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомаси (ЎзР МЖтК-нинг 281-моддасига мувофиқ) тузилади;

- тузилган маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомаси Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг умумий қоидалари асосида кўриб чиқилади, тегишли қарор, (хулоса) қабул қилинади ва зарур ҳаракатлар амалга оширилади.

Статистика тизимида тадбиркорлик субъектларининг ҳисобот тизимига киритилган ўзгартиришлар, уларнинг вақти ва харажатини камайтириш ҳамда тизим томонидан уларни қўллаб-қувватлашдан иборатдир. Тадбиркорлик субъектлари ҳимоясини кучайтириш, имкониятини кенгайтириш борасида ҳукуматимиз томонидан яратилаётган қулайликларнинг барчаси уларнинг ривожи ҳамда манфаатига қаратилгандир.
Д.ТУРСУНҚУЛОВ,
17-Почвон сайлов округидан туман Кенгашининг депутати, туман статистикабўлими бошлиғи.

 

 

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15