ИНСОН МАНФААТЛАРИГА ЭЪТИБОР

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов бошлаган ишни муваффақиятли давом эттираётган Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикасининг Президенти этиб сайлангандан буён кун сайин катта ўзгаришларга юз тутаётган юртимизни янада ривожлантиришга қаратилган ўндан зиёд Фармон ва муҳим қарорлар қабул қилинди. У кишининг ташаббуси билан амалдаги йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинди. 

Мақсади биринчи навбатда халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш, мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янада чуқурлаштиришга қаратилган ушбу фармон ва қарорлар халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилиши баробарида биз, депутатларнинг ҳам зиммамизга катта масъулият юклаб, фаоллигимизни янада оширмоқда. 

Йил бошида белгилаган иш режамиз асосида маҳаллалар фаоллари ва оқсоқоллари билан ҳамкорликда сайлов округимиз ҳудудидаги барча маҳаллалар фуқаролар йиғинлари, мактаблар ва коллежларда сайловчилар вакиллари билан учрашувлар ташкил қилиб, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”нинг мазмун-моҳияти ҳақида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб бораяпмиз. Сайловчилар томонидан тушган аризалар асосида долзарб муаммолар - электр, газ таъминотидаги узилишлар ва ички йўлларни тартибга келтириш, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича 12 та депутатлик сўрови ўтказдик. Аксарият муаммолар ижобий ҳал этилди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳияти чуқур таҳлил асосида аҳоли онгига сингдирилмоқда. Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар сифатини тубдан яхшилаш, аҳоли бандлиги ва ижтимоий ҳимояси, соғлиқни сақлаш тизими, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда тадбиркорлик субъектларини ташвишга солаётган муаммоли масалалар ва уларнинг сабаблари ўрганилмоқда. 

Яна бир оғриқли нуқта - мактаблар ва касб-ҳунар коллежларида ўқувчилар давоматини қаттиқ назоратга олдик. Ҳудуддаги 1, 121-умумтаълим мактаблари ҳамда Ургут иқтисодиёт ва тиббиёт коллежлари ўқувчиларининг ота-оналари билан болаларни сабабсиз дарсдан олиб қолмаслик ҳақида алоҳида суҳбатлар ўтказдик. 

Маданий ва маиший соҳалар, шунингдек миллий ҳунармандчилик ва касаначиликни ривожлантириш орқали 50 дан зиёд янги иш ўринлари яратилди. Хотин-қизларнинг умумий, жумладан оилавий муаммоларини ҳал этишда туман ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилган “Аёллар маслаҳат маркази”га яқиндан кўмаклашаяпмиз. Шунинг билан бирга, ҳомийлар, сахий-саховатли кишилар кўмагида вақти-вақти билан ҳудудимиздаги кам таъминланган оилалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож қариялар, якка-ёлғиз яшовчилар, ногиронлар ва беморлар ҳолидан хабар олиш ҳам эътиборимиздан четда қолмаяпти. 

Олиб борилаётган ибратли саъй-ҳаракатлар натижасида иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳамда спорт-соғломлаштириш соҳаларида ижобий ўзгаришлар бўлмоқда. Февраль ойининг охирларида 1-Болалар ва спорт мактабида “Спорт - соғлик гарови” шиори остида спорт мусобақалари ўтказдик. 

Ўлкамизга баҳор кириб, кўклам мавсуми бошланганлиги муносабати билан кўчалар ва ҳовлиларни тартибга келтириш, атрофни ободонлаштириш ишларига қизғин киришдик. Ҳудудимизда яшовчи кекса-ю ёш бу хайрли ишлардан четда колмаяпти. 

Бир сўз билан айтганда, бошлаётган ҳар бир ташаббусимиз аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Булардан кўзланган асосий мақсад ҳам “Инсон манфаатлари ҳар нарсадан улуғ” деган эзгу ғоянинг халқимиз ҳаётида ўз ифодасини топтиришга кўмаклашиш ва унга амал қилишдир.
Адашой САТТОРОВА,
3-Камардон сайлов округидан туман Кенгаши депутати.

manba:urgutsadosi.uz

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15