Фермерлар мавсумий шартнома тузиш ҳуқуқига эга бўлди

Амалдаги Ер Кодексининг 24-моддасида «Ер участкасини ижараси» ёритилган бўлиб, "Қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари ер участкаларини ички хўжалик ижараси тартибида фақат қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши учун ижарачиларга бириктириб қўйиши мумкинлиги" қоидаси кўрсатилган бўлсада, яхши ишламади.

Шунингдек, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасида фермер хўжалигига берилган ер участкаларидан қатъий белгиланган мақсадда фойдаланилиши ва иккиламчи ижарага берилиши мумкин эмаслиги белгиланган эди.
Шу тариқа қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда деҳқончилик қилаётган фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгалари фуқароларга вақтинчалик ва мавсумий экин экиб, фойдаланиш учун ижарага бериш ҳуқуқидан маҳрум эдилар. Бу эса қишлоқ хўжалик ерларидан самарали фойдаланишга ҳамда ердан унумли фойдаланиб даромадни кўпайтиришга ва солиқ тушумини кўпайишига тўсқинлик қилар эди.
Бундан ташқари экинларни парвариш қилиш ҳамда унга агротехник ишлов беришда мавсумий ишчилар кўрсатадиган хизматларни қўшимча ижарага бериш, деб қаралаши қонун нормасини ҳуқуқий жиҳатдан нотўғри талқин этилишига олиб келди.
Аммо, аграр тармоқда ердан фойдаланиш ваколатини кенгайтириш ва ижара ҳуқуқий муносабатларида эркин фаолият юритиш тизимини, механизмини такомиллаштиришни давр талабига айланди.
Бу каби талаб ҳисобга олиниб, «Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлардан ва ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди.
Унда қишлоқ хўжалик корхоналари ва ташкилотларига, фермер, деҳқон хўжаликларига узоқ муддатли ер ижара шартномаси асосида ижарага олган ер майдонларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда вақтинчалик фойдаланиш мақсадида иккиламчи ижарага бир йил муддатга шартнома асосида беришга рухсат берилмоқда. Амалдаги қонунчиликдаги иккиламчи ижарага бериш тақиқланиши тўғрисидаги чеклов олиб ташланмоқда.
Энди қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш мақсадида юридик ва жисмоний шахслар ерларни (учинчи шахсларга бериш ҳуқуқисиз) иккиламчи ижарага бериш, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларида мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини сақлаб қолган ҳолда ер участкасини вақтинча фойдаланишга бериш ҳуқуқига эга бўлади.Бунда ер участкасини муддатли (вақтинча) фойдаланиш учун бериш муддати тарафларнинг келиш увига асосан белгиланиши, ижара шартномаси белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт.
Қайд этиш керакки, иккиламчи ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаси олди-сотди, гаров, ҳадя, айирбошлаш объекти бўлиши таъқиқланди.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасини иккиламчи ижарага бериш шартномасини муддатидан илгари бекор қилиш тарафларнинг келишувига кўра, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса суднинг қарорига кўра амалга оширилади.
Бу албатта, мамлакатда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари томонидан ердан унумли фойдаланишида иқтисодий мустақиллиги ва молиявий барқарорлигини ошириши, уларнинг ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланиши, илғор илм-фан ютуқлари негизида замонавий хорижий тажрибаларни кенг жорий этиши ва қишлоқда янги ишлаб чиқаришлар ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ташкил қилишида катта имкониятлар яратади.

Соҳибжон Ҳатамов, Ўзбекистон фермер, 

деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши юридик бўлим бошлиғи

 

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15