КАМОНГАРОН ВА ВАҒАШТИДА СУВ МУАММОСИ БАРТАРАФ ЭТИЛАДИ

Муаммо – ундан қайси йўл билан бўлсада қочиш ёки уни хаспўшлаш учун кўтарилмайди. Аҳоли нимадандир норози бўлса, ечими мураккаброқ масалага дуч келса, тегишли идораларга, шунингдек, оммавий ахборот воситаларига мурожаат қилади.
 
  Аслида ҳар қандай муаммонинг ечими бор. Фақат, истак ва тўғри ёндашув бўлса, бас. Kun.uz сайтида эълон қилинган “Ургутдаги икки қишлоқ можароси: нуронийлар ўзаро муроса йўлини қидиришлари керак эмасмиди?” сарлавҳали мақолада кўтарилган масала ҳам ана шундай муаммолар сирасига киради.

  Эътироф этиш керак, мақолада тилга олинган Камонгарон ва Вағашти қишлоқларидаги сув муаммоси ҳақиқатан ҳам анчадан бери мавжуд эди. Аҳоли вакилларининг ўзаро келишмовчилиги - муаммони ҳал этиш учун тўғри ечим бўла олмаслиги ҳам кундай аён эди. Буни албатта, ҳар икки қишлоқ аҳолиси яхши тушунади. Зеро, Вағашти ҳам, Камонгарон ҳам меҳнаткаш, миришкору тадбиркор одамлари билан машҳур. Ҳар икки қишлоқ ҳам пиру бадавлат нуронийлари, бошқаларга ўрнак бўла оладиган зиёлилари билан донг таратган. Шу нуқтаи назардан, ёндошу жондош маҳаллалар аҳлининг ўзаро келишмовчиликка бориши соғлом мантиққа тўғри келмайди.

  Вилоят ҳокими Э.Турдимов ўтган йили июль ойида ушбу маҳаллалар аҳолиси иштирокида “Обод қишлоқ” дастурини амалга ошириш билан боғлиқ масалалар юзасидан ўтказган йиғилишида Вағашти ва Камонгарондаги қурилиш-ободонлаштириш ишларини сифатли амалга ошириш, йўл инфратузилмасини яхшилаш, ижтимоий объектларни таъмирлаш ва жиҳозлаш каби вазифалар қаторида фуқароларнинг суюлтирилган газ, электр энергияси ва сув таъминоти билан боғлиқ муаммоларини ҳал этиш юзасидан мутасадди раҳбарларга тегишли кўрсатмалар берган эди. Ўтган давр мобайнида бу борада қатор амалий ишлар қилинганини таъкидлаш жоиз.

  Куни кеча вилоят ҳокими яна ушбу маҳаллаларда бўлиб, аҳоли билан суҳбатлашди. Унда таъкидланганидек, ушбу икки қишлоқ аҳлининг ичимлик сувига бўлган талабини қондириш, туну кун кафолатланган тоза ичимлик суви таъминотини йўлга қўйиш мақсадида бугунги кунда қатор лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Мазкур лойиҳалар мавжуд сув тармоқларини тозалаш, айрим ҳудудларда таъмирлаш-тиклаш ишларини олиб бориш, аҳолини сутка давомида тоза ичимлик суви билан таъминлаш имконини берувчи сув тақсимлаш ҳамда тозалаш иншоотларини барпо этишга қаратилган. 
Маълумот берилишича, яқин орада лойиҳа таклифлари тақдимоти ўтказилиб, маҳаллий аҳоли билан ҳамфикрликда мақбул лойиҳа таклифини амалиётга татбиқ этиш ишлари бошланади.
Ургут тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15