Оммавий ахборот воситалари

“Ургут садоси” газетаси ҳақида қисқача МАЪЛУМОТ

          Газета 1935 йили “Ургут ҳақиқати” номи билан икки саҳифада А-3 форматда Ургутда очилган босмахонада қўл кучи билан айлантириладиган станокда чоп этилган. Ёрбобо Холмуҳаммедов унинг биринчи муҳаррири бўлган. Кейинчалик Назар Қўзибоев, Аҳрор Мансуров, Эргаш Гуломов, Аҳтам Тўрақуловлар муҳаррирлик қилганлар. Садриддин Нарзуллаев, Бўри Қурбонов, Малла Мамадаминов ургутлик илк журналистлар сифатида фаолият юритганлар.

          Газета 1966 йил 1 январдан “Октябрь алангаси” номи билан А-3 форматда тўрт саҳифада чиқарила бошланди. Бу даврда унга иқтидорли журналист Эргаш Гуломов муҳаррирлик қилди. 1970 йилдан муҳаррирлик масъулияти Аҳтам Тўрақулов зиммасига юкланди. Бу вақтда унга ходим бўлиб ишга қабул қилинган Нарзулла Файзиев, Раҳмон Жўраев, Асад Дилмуродов, Файзи Хайдаров, Низом Иброҳимов, Ёрқин Йўлдошев, Фарҳод Аҳмедов, Искандар Боймуродов, Муртазо Мустафоев, Муаттар Салимова қалами қайралган журналист сифатида танилдилар. Уларнинг имзоси қўйилган ҳар хил жанрдаги материаллар вилоят, республика газета-журналларида чоп этила бошланди.

          Газета 1992 йилдан буён “Ургут садоси” номи билан чиқарилмоқда. 1987 йилдан буён унга Файзи Хайдаров муҳаррирлик қилаяпти. Моҳира Жумаева, Муродулла Янгибоев, Хусниддин Файёзов, Дилмурод Дўстмуродов, Раҳмонберди Раҳимов унда узоқ йиллар ишладилар.

          Етмишинчи йилларда муҳарририят қошида ишчи-деҳқон мухбирлари университети, “Чашмалар” адабиёт тўгараги очилди. Хозир университетни тугатганларнинг айримлари вилоят, республика газета-журналларида, республика радио ва телевидениесида ишлаяпти. “Чашмалар”нинг 100 га яқин қатнашчиси шеър ва ҳикояларидан ташкил топган “Ургут оҳонглари” номли китоб нашр қилинди. Бундан ташқари, “Чашмалар” аъзоларидан ва унинг ташкилотчиларидан Нарзулла Файзиев, Латиф Шарипов, Эргаш Мажидов, Файзи Хайдаров, Гайбиддин Фазлиев, Мавлуда Мирсаидова, Жумагул Сувонова, Худойберди Комилов, Қаҳрамон Суяровларнинг алоҳида китоблари чоп этилди.

     Газета 1998 йилдан буён муҳарриятда тайёрланиб, Самарқанд босмахонасида офсет усулида ҳафтада 1 марта, ойига 4-5 марта чоп этилаяпти. 2015 йилдан газета А-2 форматда чоп этилмоқда.

          Газета ўз фаолияти даврида бир неча танловларда Қолиб бўлди. Жумладан Республика табиатни муҳофаза қилиш идорасининг I-даражали дипломига сазовор бўлди. 1985 йили 1-сони чиқарилганлигининг 50 йиллиги муносабати билан газета Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиумининг Фахрий ёрлиги билан тақдирланди.

 

Ургут шаҳри Темирчилар кўчаси 4-уй
Тел: +998937200243
Ф.И.О. Хайдаров Файзи
Дам олиш куни: Шанба ва  Якшанба
Иш тартиби: 09:00 дан 18:00 гача

http://urgutsadosi.uz

 

2015-2018 © Urgut tuman hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM
95x15