Энди ҳомиладор ёки ёш боласи бор аёлларни ишга олиш мажбурийми?

 

 

Жавоб; Мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсий ҳамда ижтимоий ислоҳатлар шуни тақоза этадики, ушбу ислоҳатларнинг мазмун моҳияти “Инсон манфаати учун” деган ғоя илгари сурилаётганлигида намоён бўлади. 

Хусусан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг  42-моддасига биноан “Ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.

Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади, деб белгилаб қўйилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг янги қабул қилинган Меҳнат кодексининг бир неча моддаларида айнан Янги таҳрирдаги Конституцияда кўрсатиб кетилган ҳомиладорлар аёлларни меҳнат фаолиятига доир нормалар киритилган.

Жумладан Меҳнат кодексининг 392-моддаси асосан, ҳомиладорлиги ёки фарзанди борлиги билан боғлиқ сабабларга кўра ишга қабул қилишни рад этиш ёки меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорини камайтириш тақиқланади.

Иш берувчи ишга қабул қилишни рад этган тақдирда, рад этиш сабабларининг ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан имзоланган ёзма асосини ҳомиладор аёл ёки фарзандлари бор шахс талабига кўра уч кун ичида тақдим этиши шарт. Ишга қабул қилишни рад этиш сабабларининг ёзма асосини тақдим этмаганлик ишга қабул қилишни рад этганлик устидан шикоят қилишга монелик қилмайди.

Ушбу норма асосида ҳомиладор аёлларни ташкилот томонидан ишга қабул қилмаслик натижалари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжудлиги мустаҳкамлаб қўйилди. 

Бандан ташқари Кодекснинг 394-моддасида тиббий хулосага мувофиқ ҳомиладор аёлларнинг ишлаб чиқариш нормалари, хизмат кўрсатиш нормалари аввалги ишларидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда камайтирилади ёки улар енгилроқ ишга ёхуд ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган ишга ўтказилади. Ишлаб чиқариш нормаларини камайтириш, шунингдек вақтинча бошқа ишга ўтказиш муддатлари тиббий хулосага мувофиқ белгиланади.

Ҳомиладор аёлга енгилроқ иш ёки ноқулай ишлаб чиқариш омиллари таъсиридан холи бўлган иш бериш масаласи ҳал этилгунига қадар, у бунинг оқибатида қолдирилган барча иш кунлари учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод этилиши лозимлиги назарда тутилган.

398-моддасига биноан иш берувчи ҳомиладор аёлнинг, ўн тўрт ёшга тўлмаган боланинг (ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боланинг) ота-онасидан бирининг (ота-она ўрнини босувчи шахснинг), шунингдек оиланинг бетоб аъзосини парваришлашни амалга ошираётган шахснинг илтимосига кўра уларга тиббий хулосага мувофиқ тўлиқсиз иш вақти белгилаши шарт.

400-моддасининг 1,2,3 ва 4 қисмларида эса ҳомиладор аёлларга ва бола туққан аёлларга йиллик меҳнат таътили, уларнинг хоҳишига кўра, тегишинча ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин берилади.

Ҳомиладор аёлларни йиллик меҳнат таътилидан чақириб олишга йўл қўйилмайди.

Болани парваришлаш таътилидан фойдаланаётган ходимга йиллик меҳнат таътили, унинг хоҳишига кўра, бола парваришлаш таътилидан олдин ёхуд ундан кейин берилади.

Ишлайдиган эркакларга хотинининг ҳомиладорлик ва туғиш таътили даврида ўз хоҳишига кўра йиллик меҳнат таътили:

биринчи иш йили учун — ишлаб берилган вақтдан қатъи назар;

кейинги йилларда — таътиллар бериш жадвалидан қатъи назар берилиши белгилаб қўйилган.

403-модда. Ҳомиладор аёлларга антенатал (туғруққача) парваришлаш учун қўшимча бўш кунлар берилиши

Иш берувчи ҳомиладор аёлларга бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида антенатал (туғруққача) парваришлаш (перинатал скрининг ва ташхис, мажбурий тиббий кўриклар ва бошқа мажбурий тиббий муолажалар) учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча бўш кунлар бериши шарт.

Фуқаролик ишлари бўйича

Ургут туман суди раиси Т.Рустамов

2015-2024 © Хокимият Ургутского района. Разработан в: SAKTRM
95x15