Уруш қатнашчиси юз билан юзлашиш арафасида туғилганлик гувоҳномасини олди

Иккинчи жаҳон урушида 13 минг нафар ургутликлар қатнашган бўлиб, улар Ватан ҳимояси учун жон олиб-жон берган. Афсуски, фашизмга қарши курашдан уларнинг 6 минг нафари омон қайтди. Ҳозир туманда уларнинг 1 нафаригина ҳаёт холос. 

9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси бошчилигида Ургут туман Давлат хизматлари маркази ҳамда 1-сон ФҲДЁ бўлими ходимлари Испанза қишлоғида яшовчи, 98 ёшли иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Бўрон бобо Гадоевнинг хонадонида бўлишди. Фахрий отахон ва оила аъзоларига сайёр давлат хизматлари кўрсатишди. 

Жумладан, қарийб юз ёшни қоралаётган отахонни шу пайтга қадар туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси йўқлиги аниқланиб, ташриф чоғида ушбу ҳужжат Ургут туман 1-сон ФҲДЁ мудираси Хуршида Дониёрова бошчилигида шу ернинг ўзида расмийлаштирилиб берилди. Шунингдек, кўпни кўрган отахон суҳбат чоғида пенсия миқдори тўғрисида маълумотнома кераклигини билдирди. Марказ ходимлари қисқа фурсатда ушбу мурожаатни рўйхатга олиб, бир неча сонияларда маълумотномани тақдим этишди. Уруш даҳшатларини кўрган отахоннинг оила аъзолари хонадон кадастр ҳужжатларида муаммолар борлигини айтишиб, мазкур масалада ёрдам сўради. Шу куни ушбу масалага ижобий ечим топиш мақсадида туман ҳокимлигига хат чиқарилди. 

Бўрон бобо Гадоев 1942 йилда фронтга сафарбар этилган. 2-Беларусь фронти 91-бригадасида инженер-сапёр бўлган. Олти ой командирлар тайёрлаш гуруҳида ўқигач, фронтга жўнатилган. У киши ўша йилларни шундай эслайди:

— Урушга 17 нафар ёш, забардаст ургутлик дўстларим билан бирга кетганмиз. Шундан 4 нафаримизга уйга қайтиш насиб қилди, – дейди Бўрон бобо. – Уч йил урушнинг қайноқ ўчоқларида бўлдим. Мен икки жойимдан ўқ еганман. Бирга қайтган 3 нафар дўстим ҳозир орамизда йўқ. Ғалабадан кейин яна икки йил ҳарбий хизматда қолдим. 1947 йилда ватанга қайтиб, салкам эллик йил мактабда ўқитувчилик қилдим. 

Беш фарзанд ўстириб, ҳаммасини уйли-жойли қилган ҳожиота 24 набира, 80 эвара, 11 чевара ардоғида бугунги кунларга шукроналар айтиб, биз билан ёнма-ён умргузаронлик қилмоқда.  

 

2015-2024 © Хокимият Ургутского района. Разработан в: SAKTRM
95x15