Ургутда “Бор меҳримиз сенга, болажон” лойиҳаси доирасида беғараз донорлик акцияси ўтказилди
Бугун Ургут туманида болаларга бўлган меҳр ва ғамхўрликни намоён этиш мақсадида “Бор меҳримиз сенга, болажон” лойиҳаси доирасида аҳамиятга молик тадбир — беғараз донорлик акцияси ташкил этилди.
Ушбу акция Ургут туманидаги энг чекка ҳудудлардан бири — Почвон маҳалласида жойлашган Самарқанд оилавий поликлиникасида ўтказилди.
Тадбирни ташкил этишда Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилояти Кенгаши ҳамда Ургут туман Кенгаши ҳамкорликда фаол иштирок этдилар. Акция маҳаллий аҳолини бирлаштириш, болалар саломатлигини мустаҳкамлаш ва уларга амалий ёрдам бериш мақсадида ташкил этилди.
Самарқанд оилавий поликлиникаси, 9 328 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлиб, акциянинг асосий марказига айланди. Донорлар, оғир хасталикка чалинган болаларга ёрдам бериш ниятида ихтиёрий равишда қон топширдилар.
Тадбир доирасида аҳоли ўртасида донорликнинг аҳамияти ҳақида тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам олиб борилди. Иштирокчилар болаларга нисбатан юракдан келган меҳр-муҳаббат ва хайрия ғояси атрофида бирлашдилар. Ҳар бир донорнинг иштироки болалар келажаги учун салмоқли ҳисса сифатида эътироф этилди.
Акцияда 80 нафардан зиёд кўнгилли иштирок этди. Бу каби беғараз тадбирлар нафақат болалар ҳаётини сақлаб қолишга, балки жамиятда инсонпарварлик ва ҳамжиҳатлик руҳини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Тадбир орқали “донорлик – ҳар бир фуқаронинг инсоний бурчи” эканлиги ҳақидаги тушунча аҳоли орасида янада кенг ёйилди.