insurez
16-03-2024 10:52


Ургут ҳақида сўз кетганда, бу муаззам гўшани “тоғлар бағридаги зумрад маскан” дея таърифлайдилар. Бу ўлканинг гўзал ва бетакрор табиат манзараларидан баҳра олиш кишига ўзгача завқ бағишлайди. Қадимий Буюк ипак йўли ўтган тепаликлар, “Зарафшон” тизма тоғлари этагидаги улкан тошлар, ўтмиш маданиятини эслатиб турувчи манзаралар хаёлотингизни эртаклар оламига чорлайди. “Зарафшон” тизма тоғига туташиб кетган довондан соҳибқирон Амир Темур Самарқанддан Шаҳрисабзга бориш ва ортга қайтишда фойдалангани ҳақида маълумотлар бор. Шунингдек, бу йўллардан Александр Македонский ҳам ўтгани айтилади.

Қадимда савдо карвонларининг йўли бўлган бу довон бўйлаб юришни кимлар орзу қилмаган, Ургут тепаликларида мағрур қад ростлаб турган қоятошларга кимлар маҳлиё бўлиб боқмаган, дейсиз!

Тарихи узоқ асрларга бориб тақаладиган Ургут тумани расман 1964 йил 31 декабрда ташкил топган. Тожикистон Республикаси, Қашқадарё вилояти, Тойлоқ, Самарқанд ва Булунғур туманлари билан чегарадош бўлган туманнинг 120 та маҳалласида 560 мингга яқин ўзбек, тожик, рус ва бошқа миллат вакиллари истиқомат қилади. Республика миқёсида оладиган бўлсак, Ургут – Ўзбекистондаги энг кўп аҳолига эга туман ҳисобланади.

Аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб, таълим рус ва тожик тилларида олиб бориладиган мактаблар ҳам фаолият кўрсатмоқда. 2018 йилда Ўзбекистон ва Тожикистон президентларининг сиёсий иродаси натижасида “Жартепа - Саразм” ўтказиш пунктининг қайта очилгани ҳар икки мамлакат фуқароларининг қардошлик ришталарини мустаҳкамлаб, ўзаро борди-келди қилиши учун катта имконият яратди.

Ургутни “тадбиркорлар юрти”, деб аташлари ҳам бежиз эмас. Айни пайтда туманда гилам, пойабзал, тўқимачилик маҳсулотларидан тортиб, маиший ва электротехника молларигача ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотлар нафақат ички бозорни таъминлаяпти, балки қатор хорижий мамлакатларга ҳам экспорт қилинмоқда. 3000 га яқин кичик бизнес субъектларининг 41 таси чет эл инвестицияси киритилган корхоналар ҳисобланади.

Биргина жорий йилнинг январ-июнь ойларида 22 миллион доллар миқдоридаги хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Январь-май ойларида 22,6 миллион доллар қийматидаги саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортга йўналтирилди. Мисол учун: тумандаги Мерганча маҳалласида жойлашган "KAMALAK TEKSTIL" МЧЖ томонидан 2,5 миллион долларлик тўқимачилик маҳсулотлари Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларига экспорт қилинди.

Январ-май ойларида қиймати 62,9 миллиард сўмлик 17 та лойиҳа ишга туширилиши натижасида 238 та янги иш ўринлари яратилди. Хусусан, "URAMAS KABEL" МЧЖнинг қиймати 17,6 миллиард сўм бўлган “Маиший техника кабеллари ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳаси амалиётга татбиқ этилиши натижасида маҳаллий аҳолининг 100 нафари барқарор иш ўринларига эга бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан 2017 йилда “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилиши саноат-ишлаб чиқариш салоҳиятининг кенгайишида муҳим омил бўлди. Иқтисодий ҳудудда шу кунга қадар 86 та лойиҳа ишга тушиб, 6386 та иш ўринлари яратилди. 75 та инвестиция лойиҳаларида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. 161 та корхона фаолият олиб бораётган бўлиб, ўзлаштирилган инвестициялар 571,5 миллион долларни ташкил этади.

Биргина ўтган 2023 йилда эркин иқтисодий зона иштирокчиларига 9,6 миллиард сўм миқдоридаги солиқ имтиёзлари қўлланилди. Жорий йилда яна 10 та лойиҳа ишга туширилиши кўзда тутилган бўлиб, 39,4 миллиард сўм қийматидаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Умуман олганда, 2024 йилнинг 1 июль ҳолатига “Ургут” эркин иқтисодий зонасида умумий қиймати 1 327,5 миллион долларлик 171 та лойиҳа устида иш олиб борилаётган бўлиб, 12 697 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.

Юқорида таъкидлаганимиздек, Зарафшон тоғ тизмаси ён бағрида жойлашганлиги, мўътадил табиати, 30 дан зиёд зиёратгоҳлар мавжудлиги боис, Ургут ички ва ташқи туризмни ривожлантириш учун қулай ҳудуд ҳисобланади.

Масалан, Қоратепа томонларга йўлингиз тушганда, айниқса, “Тешиктош” дея аталувчи ғаройиб қоя пойида суратга тушмай қайтмайсиз. “Тешиктош”нинг сирлилиги нимада? Аввало у табиат мўъжизаси. Эрозия ва шамоллар таъсирида тошдан гўзал ва мафтункор санъат асари бунёд бўлган. Яъни, унга инсон томонидан ишлов берилмаган. Кимдир бу тошни икки улкан динозаврнинг тўқнашиб турган бошига ўхшатса, яна кимдир инсон юрагига менгзайди. Маълум бўлишича, бундай тошларни дунёнинг бир неча давлатларидагина кўриш мумкин экан. Бу тош ўзининг тузилиши, ҳажми, вазни билан ер юзидаги бошқа машҳур тошлардан фарқланади. Айрим манбалар бу салобатли тошнинг ёши 2,5 миллион йилдан зиёд эканидан хабар беради.

Шу сингари эксклюзивлик германиялик киноижодкорлар эътиборини ҳам тортди. Машҳур актёр Гойко Митич иштирокидаги, Чингачгук  ҳақидаги “Апачи” ҳамда “Улзана” фильмларининг машҳур эпизодлари шу ерда суратга олинди. Уларда маҳаллий аҳоли ҳам иштирок этди. Шунингдек, фильмда фойдаланилган отлар ургутликлар томонидан киноижодкорларга беғараз тақдим этилди.

Ушбу фильмлар дунё юзини кўрганига ярим аср бўлди.  Кейинчалик ҳам бу маскан бир қанча бадиий ва ҳужжатли фильмлар учун очиқ павильон вазифасини ўтади.

Юқорида саёҳат ишқибозларининг истаги ҳақида бежиз тўхталмадик. Чиндан ҳам уларнинг “Тешиктош”га қизиқиши ошиб бораётганини бу ерга ташриф буюрувчилар сафи кенгаяётганидан кўришимиз мумкин. Бу эса улар учун шароит ва қулайликларни янада яхшилаш заруратини юзага келтиради. Шу мақсадда айни пайтда Ўзбекистон маданий мероси рўйхатига киритилган обидани асраб-авайлаш ва унинг туристик имкониятларидан фойдаланишни кенгайтиришга қаратилган ишлар олиб борилмоқда.

Қадимий табиат ёдгорлиги ён-атрофида, 55 гектар майдонда “Тешиктош” сайёҳлик маскани яратилди. Бу ерда сайёҳлар учун меҳмон уйлари ва ўтовлар тикланмоқда. Масканни ҳақиқий дам олиш марказига айлантириш учун қатор лойиҳалар амалга ошириляпти. Масалан, ҳудудда минглаб туп писта ва бодом кўчатлари экиб парваришланмоқда. Шунингдек, пляж, янги меҳмонхоналар, аттракционли истироҳат боғи ташкил этиш  кўзда тутилган. Туристлар отда сайр қилиб, эчки ва туя сутидан тотиб кўришлари мумкин.

Бу сингари мафтункор гўшалар Ургутда оз эмас.

Туманда “Терсак” туризм қишлоғи фаолияти йўлга қўйилгани, бу ерда 25 та уй меҳмонхоналари ташкил этилгани натижасида сайёҳларнинг Ургутда қолиш кунлари 2 кундан 3 кунга узайтирилди.

2023 йилда Омонқўтон маҳалласида қиймати 20 миллиард сўм бўлган туристик зона ва меҳмонхона ҳамда ёзги болалар оромгоҳи ташкил этилгани сайёҳлар оқими кенгайишида муҳим омил бўлди.

Миср Араб Республикаси билан ҳамкорликда Чор-чинор маҳалласидаги тоғ тизмасида экотуризмни ривожлантириш ва канат йўлларини қуриш лойиҳасини амалга ошириш юзасидан инвесторларни жалб қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши 100 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилишига имкон беради.

Туризм салоҳияти юқори бўлган Чор-Чинор ва Хўжайдуқ  маҳаллаларини ҳам туризим маҳалласига айлантириш устида иш олиб бориляпти. Бунинг натижасида йилига 30 минг нафар сайёҳни жалб қилиш мумкин бўлади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида Терсак, Бешкон, Қоратепа, Омонқўтон, Еттиуйлик, Чор-чинор, Хўжайдуқ маҳаллаларида 2024-2025 йилларда умумий қиймати 13,3 миллиард сўмлик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилади.

Жаҳоннинг турли бурчакларидан Самарқандга келаётган сайёҳларнинг аксарияти Ургутдаги табиат мўъжизаларини ҳам кўриш истагини билдиради. Боиси, экотуризм, зиёрат туризми, этнотуризм имкониятлари айнан Ургутнинг сўлим гўшаларида мужассам.

Биз юқорида Ургутнинг асосан иқтисодий ва туристик салоҳияти ҳақида тўхталиб ўтдик. Ушбу туманнинг бошқа соҳалардаги кўрсаткичлари ҳам мунтазам ўсиб бормоқда. Ургут бугун улкан қурилиш майдонига айланган. Аҳолининг турмуш фаровонлигини яхшилаш учун бор имкониятлар ишга солинмоқда. Ҳунармандлари, спортчилари, зиёлилари, ижод аҳли, деҳқону боғбонларининг ҳар бири ҳақида алоҳида ҳикоя битса арзийди. Улар Ургутнинг мавқеи янаям мустаҳкамланиши учун ўзларини дахлдор ва бурчли, деб биладилар.