УРГУТНИНГ ПОЛВОН ҚИЗИ

Васила Алибоева 2010 йилда Рахматобод маҳалладаги 19-мактабнинг 9-синфини тугатиб, Самарқанд спорт коллежига ўқишга кирди. Оиладаги беш фарзанддан фақтгина Васила спортга қизиққанлиги учун ота-онаси унга алоҳида шарт-шароит яратди.
  Ўқиш даврида спортнинг дзюдо, самбо турлари билан мунтазам шуғуллана бошлади. Тез орада вилоятда танилиб, республика спорт мусобақаларида иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллай бошлади.
  У жамоадаги тенгдошлари орасида ўзига хос маҳорати ва чидамлилиги билан алоҳида ажралиб турарди. 2011 йил Тошкент шаҳрида самбо кураши бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида илк маротаба тажрибали спортчилар билан гиламга чиқиб, тенгма-тенг беллашди. Шу мусобақада фахрли учинчи ўринни олиб, бронза медалига сазовор бўлди. Бу унинг дастлабки катта ютуғи эди. 2012 йилда ҳам мамлакат биринчилигида бронза медалига сазовор бўлди. 

Шуниси эътиборлики, Васила самбо кураши ва дзюдо билан бирдек шуғулланиб, мамлакат миқёсидаги турнир биринчиликларида совринли ўринларни эгаллади.
  Мураббийи Дилноза Баҳромова унга дзюдо билан шуғулланишни, бу спорт тури унга кўпроқ мос тушишини уқтирди. Мураббий янглишмаганди. Тез орада Васила пара дзюдо бўйича республикамизда ўз вазн тоифасидаги спортчилар қаторига қўшилди.
  2015 йилда дзюдо бўйича мамлакат чемпионатида фахрли иккинчи ўринни қўлга киритиш баробарида Ўзбекистон кубоги мусобақаларида биринчи ўринни эгаллади.
  Васила Алибоева 2017 йилда дзюдо бўйича Ўзбекистон паралимпиячилари терма жамоасига қабул қилинди.  Индонезиянинг Жакарти шаҳрида ўтказилган Пара Осиё ўйинларида 70 килограмм вазн тоифасида барча рақибларини енгиб, олтин медалга сазовор бўлди. Португалиянинг Лиссабон шаҳрида ўтказилган жаҳон биринчилигида кумуш медални қўлга киритиб, юртимиз номини шон-шуҳратга буркади. 
Ўтган 2019 йил ҳам Васила учун омадли бўлди. Қозоғистоннинг Атрава шаҳрида ўтказилган Осиё ва Океания биринчилигида фахрли биринчи ўринни эгаллаб, олтин медални қўлга киритди. Халқаро Гран-при турнирида кумуш медалга сазовор бўлди. 
  Василанинг спортдаги ҳаёт йўли тўғрисида Спорт телеканалида “Ўзбекистон маликалари “ кўрсатуви намойиш этилди.
  Спортчи қизимиз 2020 йилда Токиода бўлиб ўтадиган XVI паралимпия ўйинларига йўлланма олиш учун лицензия очколарини берувчи мусобақаларга қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Айни пайтда Васила Самарқанд давлат университети жисмоний тарбия факультетининг магистратураси биринчи босқич талабаси.
  Токио XVI паралимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритиши учун Ургутнинг полвон қизи, Ўзбекистон спорт устаси Васила Алибоевага омад ва зафарлар тилаймиз.

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15