Тергов департаменти “Авто 60 ой” иши бўйича барчасини маълум қилди.

Ижтимоий тармоқларда “Авто 60 ой” МЧЖ раҳбари Жамшид Баҳодировнинг асоссиз равишда қўлга олинганлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Шунингдек, мазкур жамият ходимлари ҳам расмий телеграм каналлари орқали ўз раҳбарлари айбсиз эканлигини айтиб оқлаб чиқишганди.

Кундан-кунга муҳокамалар майдонига айланиб бораётган мазкур масалага ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти ойдинлик киритди.

Азизбек Долиходжаев, ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бўлим бошлиғи:

— “UzAuto Motors” компаниясининг Ички ишлар вазирлигига йўллаган мурожаати асосида вазирлик ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан “Авто 60 ой” МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 188-1-моддаси, яъни “пул маблағларини жалб қилишда ноқонуний фаолият” асосида жиноят иши қўзғатилган. 

Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида МЧЖнинг бош офиси ва 11 та вилоятдаги филиалларида тегов-тинтув ҳаракатлари ўтказилди. Ушбу тинтув-тергов ҳаракатларини ўтказишдан мақсад, автомашина сотиб олиш учун навбатга турганлар доирасини, шунингдек, ушбу шахслар томонидан қанча, қайси автомашинага, қандай шартлар асосида тўлов қилганликларини аниқлаш лозим бўлган. 

Айни пайтда жамиятнинг ҳисоб рақамига маблағ кирим қилиш мумкин, аммо чиқим имкониятларига чеклов қўйилди. Бу ҳам бўлса, маблағларнинг ўзлаштирилиб кетилишини олдини олишдир. 

Аниқланишича, жорий йил май ойида ташкил қилинган “Авто 60 ой” МЧЖ октябрь ойига қадар 40 млрд. сўмга яқин кирим қилган. Ушбу пуллардан 24,6 млрд. сўмни “Қибрай Авто Сервис” АЖга 318 та автомашина учун ўтказиб берган. Ушбу маблағдан фақат 9,6 млрд. сўмлик 130 та автомашина олган. Айни пайтда “Қибрай Авто Сервис”нинг “Авто 60 ой” МЧЖдан 188 та автомашина учун 14,9 млрд. сўмлик қарзи бор. 

Раҳбари Баҳодиров Жамшид жамият ҳисоб рақамидан 2 млрд. сўмни нақд пул кўринишида чиқариб олган ва шахсий эҳтиёжлари учун ишлатган.

Бундан ташқари ўз номига очилган ЯТТ ҳисоб рақамига 1,6 млрд. сўмни ўтказиб олган. 17 минг нафар фуқаро олдида машина етказиб бериш мажбурияти бўлсада, 3,6 млрд. сўмлик маблағ қандайдир мақсадларда ишлатилган.

Шунингдек, олинган маълумотларга кўра, Баҳодиров Жамшид олдин ҳам судланган. У 2014 йилда жиноят кодексининг 164-моддаси, яъни босқинчилик жинояти бўйича айбланган. Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, “Авто 60 ой” МЧЖнинг молиявий ҳолати шартномадаги автомашиналарни етказиб бериш салоҳиятига эга эмас. Ана шу ҳолатлардан сўнг ва тергов тугаллангач якуний хулоса берилиши маълум қилинди:

— Жамиятга пул тўловчилар маблағини жиноят тажоввузидан ҳимоялаш мақсадида ташкилот фаолиятини ўрганиш бўйича ҳужжатли тафтиш танланган. Баҳодиров Жамшидга нисбатан Жиноят кодексининг талабларидан келиб чиқиб, суд ҳукмига кўра айблов ёки оқлов эълон қилинади.

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15