НАВРЎЗ КУНЛАРИ УРГУТДА...

Наврўз байрами арафасида Ургутда бир қатор ижтимоий объектлар қуриб фойдаланишга топширилди.

            Ишчан маҳалласи 2018 йилда “Обод қишлоқ” давлат дастурига киритилган эди. Дастур доирасида маҳаллада кенг қамровли қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Ушбу жараён айни кунларда ҳам давом этмоқда. Жумладан, Наврўз байрами арафасида қишлоқда янги мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди. 19-болалар боғчаси 75 ўринга мўлжалланган бўлиб, 5 ойда 1,5 миллиард сўм маблағ эвазига қуриб битказилди.

            Шу куни маҳаллада қишлоқ врачлик пунктининг “Ишчан” филиали ҳам очилди. Маҳалла аҳли бирламчи тиббий хизматдан шу ернинг ўзида фойдаланиш имконига эга бўлди.

            Қишлоқдаги 18-умумтаълим мактаби сиғими жиҳатидан ўқувчилар сонига нисбатан бирмунча тор бўлиб қолган эди. Шуни ҳисобга олиб, мактабга 100 ўринли қўшимча янги бино қуриб берилди. Унинг очилиш маросими мактаб ҳовлисида ташкил этилган Наврўз байрамига уланиб кетди.

- “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида қилинаётган ишлар одамларимиз дунёқарашида ҳам ўзгариш ясаётгани бор гап, - дейди маҳалла раиси Фахриддин Жўраев. – Чиройли қилиб таъмирланган уй-жойларга, равон кўчаларга, янги қурилган ижтимоий инфратузилма объектларига қаранг ва аҳолининг кайфиятига назар солинг. Бугун ҳамма яшаб турган ҳудудим, маҳаллам обод бўлсин, деб яшаётгани қувонарли эмасми? Орасталик бор жойда эса барака бўлиши шубҳасиз.

Турсунтош Мўминова узоқ йиллар мактабда ўқитувчилик қилди. Мактабгача таълим муассасасида ҳам ишлади. Нафақага чиққач, кўнглида тадбиркорликка ҳавас уйғонди. Маҳалласи “Обод қишлоқ” дастурига киргач, мутасаддиларга мурожаат қилди. Банкдан кредит олиб, қишлоқдаги эски чойхонани таъмирлади ва шу ерда маиший хизмат уйини очди. Байрам арафасида ушбу маскан аҳоли фойдаланиши учун топширилди.

- Маиший хизмат уйимиз тикувчилик цехи, сартарошхона, гўзаллик салони ва техник жиҳозлар устахонасини ўзида қамраб олган, - дейди Т.Мўминова. – Бинони таъмирлаш ҳамда зарур жиҳоз ва материаллар учун 75 миллион сўм сарфладик. Энг муҳими, бу ерда қишлоқ аҳолисининг 7 нафари иш билан таъминланди.

Туманнинг Украч маҳалла фуқаролар йиғини бошқаруви яқинда янги қуриб битказилган маҳалла марказига кўчиб ўтган эди. Наврўз байрами арафасида маҳалла маркази ёнида қад ростлаган 100 ўринли янги 34-мактабгача таълим муассасаси ҳам фойдаланишга топширилди. Очилиш маросими муносабати билан муассаса ҳовлисида сумалак сайли ўтказилди. 3 ойда қуриб битказилган шинам ва кўркам боғча бугундан эътиборан кичкинтойларни қабул қила бошлади.

Дарвоқе, Ургут шаҳар Боғишамол маҳалласидаги 85-умумтаълим мактаби стадионида ўтказилган Наврўз байрами савобли амалларга уланиб кетди. Гап шундаки, маҳалла ва мактаб жамоаси байрамга қўшиб кичкинтой Давлатбек Шамсиддиновнинг суннат тўйини ҳам ўтказишди. Меҳмонлар тўйболани ушбу қувончли кун билан муборакбод этдилар. Унга туман ҳокимлиги ва ҳомийларнинг эсдалик совғалари топширилди.

Ургутнинг Наврўзи бу йил ана шундай эсда қоларли воқеаларга бой бўлди.

Нусрат БОБОЕВ,

Жаббор НАБИЕВ (фото).

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15