Собиқ ўқувчи Заҳириддин Муҳаммад Бобур туғилган кунини мактабида нишонлади

Ургут туманидаги Мингбулоқ маҳалласида жойлашган 108-умумий ўрта таълим мактаби ҳамда Қоратепадаги 41-мактабда Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд куни муносабати билан адабий-бадиий кеча ўтказилди.

Самарқанд давлат университети адабиётшунос ва тилшунос олимлари Эркин Мусурмонов ҳамда Толиб Жўраев икки буюк мутафаккирнинг асарлари ва уларда илгари сурилган ғоялар ҳақида сўз юритди. Айни пайтда бу улуғ алломалар илмий меросини ўрганиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди. Навоий ғазаллари, Бобур рубоийлари таҳлил этилиб, уларнинг мазмуни ўқувчиларга содда тилда тушунтирилди.

Ўқувчилар ҳам фақат университет ўқитувчиларини тинглаш билан чекланмади, ўзлари тайёрлаган саҳна кўринишларини намойиш этди, Навоий ва Бобур ижоди бўйича мушоира ўтказди. Ушбу тадбирларда фаол иштирок этган ўқувчилар эса мактабнинг собиқ ўқувчиси, айни пайтда Марказий банк Самарқанд вилояти бош бошқармаси бошлиғи Қаюм Собиров томонидан бадиий адабиётлар ва бошқа эсдалик совғалар билан сийланди.

– Собиқ ўқувчимиз икки буюк аждодимиз туғилган куни муносабати билан мактабда тадбир ташкил этсак, деб таклиф айтганида, рости, жуда қувондим, – дейди 41-умумий ўрта таълим мактаби директори Алишер Рўзиқулов. – Тўғри, ота-оналар, мактабимизни битирганлар муассасамизга моддий-маънавий ёрдам бериб туришади, лекин бундай таклиф кам бўлади-да. Тадбир кутганимиздан ҳам чиройли ўтди. Айниқса, мактабимизга Самарқанд давлат университети олимлари келгани ўқувчиларимизга ўзгача жўшқинлик берди.

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15