51- умумий ўрта таълим мактабга немис файласуфи номи берилди

Кеча Самарқанд шаҳридаги 51-немис тилига ихтисослаштирилган давлат умумий ўрта таълим мактабига немис файласуфи, тилшунос олим Фридрих Вилҳелм фон Хумбольдт номи берилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири ўринбосари С.Бобохўжаев, Германиянинг хориждаги мактаблари марказий бошқармаси мувофиқлаштирувчиси Барбара Дамбольдт, вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 20-22 январь кунлари Германия Федератив Республикасига амалга оширадиган расмий ташрифи арафасида мактабга бундай ном берилиши давлатларимиз ўртасида илм-фан, таълим соҳасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди. 

Барбара Дамбольдт мактаб таълим жараёнлари билан танишиб, бу ерда ўқитувчи ва ўқувчилар учун замон талаблари даражасида шароит яратилганини қайд этди. Ўқувчилар билан мулоқотда бўлиб, уларнинг зеҳни ва дунёқарашидан хурсанд бўлди.

– Ўқувчиларнинг немис тилида эркин мулоқот қилганини кўриб, жуда қувондим, – дейди Б.Дамбольдт. – Юртингизда немис илм-фани ва маданияти ҳақидаги тушунчаларни янада бойитиш мақсадида ушбу мактабга Фридрих Вилҳелм фон Хумбольдт номининг берилиши бизни хурсанд қилди. Бу ҳаракатлар икки давлат ўртасидаги муносабатларга янада ижобий таъсир кўрсатди.

2260 нафар ўқувчи таҳсил олаётган мазкур муассасада 2001 йилдан буён немис тили чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади. Уларга 115 нафар педагог-мураббий сабоқ беради.

 

Абдужаббор ПЎЛАТОВ.

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15