ЧЕМПИОНЛАР БИЛАН УЧРАШУВ

Кейинги йилларда туманимиз спортчилари нафақат мамлакат, балки Осиё, жаҳон чемпионатларида салмоқли натижаларни қўлга киритмоқда. Уларнинг ғалабалари Ургут аҳлининг қалбини фахр-ифтихорга тўлдиряпти. 

Яқиндагина туман ҳокимлиги томонидан “Баҳодирлар ўйини ва тош кўтариш” спорти бўйича жаҳон чемпиони бўлган Абулботир Аблоев, Маҳлиё Нурмаҳматова, Зарнигор Жабборова, қизлар ўртасида волейбол бўйича Ўзбекистон очиқ чемпионати ғолиби бўлган 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби жамоасини катта шодиёна билан шарафлаш ва тақдирлаш маросими бўлиб ўтган эди.

Бу сафар икки нафар ургутлик машҳур спортчи - 2016 йилда Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган ХV параолимпия ўйинлари, дзюдо бўйича 2018 йил Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ўтказилган параосиё ўйинлари чемпиони Ўткир Негматов, дзюдо бўйича бир неча бор халқаро мусобақалар совриндори, 2017 йил Тошкентда бўлиб ўтган жаҳон кубогида II ўрин совриндори, 2018 йил Жакарта шаҳрида бўлиб ўтган параосиё ўйинлари чемпиони Васила Алибоевалар иштирокида Ургут ижтимоий иқтисодиёт ва педогогика ҳамда Ургут тиббиёт коллежларида ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди.

Туман ҳокими Маматжон Турдиев ургутликлар бундай спортчилари билан фахрланишини, бошқа ёшлар ҳам спорт билан дўст тутинсалар ана шундай обрў-эътиборга сазовор бўлишларини, туман ҳокимлиги бундай спортчиларимизни ҳамма вақт қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг туманимиз фахри бўлган спортчилар “Мурод бобо” базмгоҳида бир пиёла чойга таклиф қилиндилар.

Ўткир Негматов, Васила Алибоева ва уларнинг мураббийларига қимматбаҳо совғалар топширилди.

Ўз навбатида чемпионлар ҳам сўзга чиқиб, бундан кейин ҳам Ўзбекистон спорт шарафини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қилиш учун бор куч-ғайратларини сарфлашларини билдирдилар.
Жасур МАМАДАМИНОВ

2015-2018 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15