ТАДБИРКОРЛИК ТАШАББУСЛАРИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 сентябрдаги «Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида туман ҳокимининг 2018 йил 17 сентябрдаги 2433-Қ-сонли қарори қабул қилиниб, ишчи гуруҳи таркиби тасдиқланди ҳамда улар томонидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилди.

Қарор талабларидан келиб чиқиб, ишчи гуруҳи томонидан сентябрь-ноябрь ойлари давомида қатор амалий ишлар қилинди. Жумладан, туман ҳокимлиги биносида бўш турган давлат объектлари ҳамда ер майдонлари бўйича доимий фаолият олиб борувчи кўргазма ташкил этилди. Фуқароларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш юзасидан 4 та сайёр учрашув ўтказилди.

Яқинда туман ҳокимлигида бўлиб ўтган сайёр қабулда вилоят прокурори ўринбосари Жобирхон Азимов, туман прокурори Шуҳрат Холмирзаев, туман ҳокими ўринбосари ўайрат Абдураҳмонов ва бошқалар қатнашиб, тадбиркорларга берилаётган имтиёз ва имкониятлар ҳақида гапирдилар.

Қарор ҳамда вилоят ишчи гуруҳи томонидан юборилган топшириқлар ижроси бўйича туман ишчи гуруҳи томонидан амалга оширилаётган ишларни танқидий кўриб чиқиш ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳар ҳафтада бир марта муҳокамалар ҳам ўтказиб борилмоқда.

2018-2019 йилларда амалга ошириладиган жами 34 та 260 миллиард сўмлик (шундан 1,9 миллион АҚШ доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар) истиқболли лойиҳалар манзилли рўйхати шакллантирилиб, тармоқ жадваллари ишлаб чиқилди.

Айни жараёнда хорижий давлатлар ишбилармон доиралари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Норвегия, Люксембург, Покистон, Афғонистон, Россия, Туркия, Эрон, Жанубий Корея, Хитой ва бошқа давлатлар инвесторлари билан учрашувлар ўтказилиб, музокаралар олиб борилди ҳамда умумий қиймати 3,5 миллион долларлик лойиҳалар бўйича дастлабки келишувларга эришилди. Шунингдек, халқаро кредит линиялари орқали қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш бўйича 5 та лойиҳага жами 3,1 миллион доллар миқдорида хорижий валютада имтиёзли кредитлар ажратилиши таъминланди.

Бу ўринда шуни ҳам таъкидлаш ўринлики, тадбиркорлар ўзлари дуч келаётган муаммоли масалаларни ҳам ўртага ташламоқда. Улар тегишли тартибда кўриб чиқиляпти. Ишчи гуруҳи штабига келиб тушган 19 та мурожаатнинг 9 таси ижобий ҳал этилди, 7 тасига тегишли тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, 352 та бўш турган бинолар ва ер майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида, 308 та мулкдорга огоҳлантириш хатлари юборилди. 99 та мулкдор томонидан жами 49,3 миллиард сўмлик инвестицион лойиҳалар (623 та янги иш ўрни) ишлаб чиқилишига эришилиб, тармоқ жадваллари тасдиқланди. Шундан 11 таси саноат (18,3 миллиард сўм, 174 та иш ўрни), 83 таси хизмат кўрсатиш (28,7миллиард сўм, 434 та иш ўрни), 5 таси қишлоқ хўжалиги йўналишида (2,3 миллиард сўм, 15 та иш ўрни).

3 та 3,4 миллиард сўмлик лойиҳа ишга туширилиб, 24 та янги иш ўринлари яратилди. 15 та ҳолатда таъсирчан солиқ механизмини қўллаш юзасидан талабномалар юборилди. 32 та бўш турган ер майдонлари (67230 квадрат метр) аниқланди ва «Е-Ижро» электрон савдо майдончасига қўйилиб, лойиҳа ташаббускорларига сотилди.

Тумандаги хатлов жараёнида эгаси (мулкдор) номаълум бўлган 52 та бўш бинолар ва 8 та ер майдонларини туман ҳокимлиги захирасига қайтариш бўйича туман ҳокимининг тегишли қарорлари тайёрланди.

Қарор асосида белгилиб берилган вазифалар ижросини таъминлаш ишлари давом эттирилмоқда.
Нодир НАМОЗОВ,
туман ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари.

 

2015-2018 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15