УРГУТЛИК ЁШ ТАДБИРКОР 90 КИШИНИ ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАДИ

Ургут туманининг Камонгарон маҳалласида 2017 йилда фаолият бошлаган “ASOMIDDIN.NUR.TEKSTIL” масъулияти чекланган жамияти спорт шимлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. 33 ёшли тадбиркор хомашёни Хитой ва бошқа давлатлардан олиб келмоқда.

– Ҳар куни 2000 дона атрофида спорт шимлари ишлаб чиқарамиз, – дейди А.Ҳусенов. – Ҳозирча маҳсулотларни фақат ички бозорга чиқаряпмиз. Кейинчалик рақобатбардош маҳсулотларни кўпайтириб, жаҳон бозорига олиб чиқиш ниятим бор. Қолаверса, корхонани кенгайтириб, ишлатилаётган хомашёнинг барча турини ўзимизда тайёрлашни режалаштирганман.

Аслиддин Ҳусенов ёшлигидан савдо билан шуғулланди, корхона очиш ва ишлаб чиқариш орзуси билан яшади. Бироқ ундаги моддий имкониятнинг торлиги фаолиятини бошлашига йўл қўймади. Бугун эса у корхона бошқарувчиси сифатида 92 кишини иш билан таъминлади. Айни пайтда мазкур корхонада меҳнат қилаётган ходимлар орасида мамлакатимизнинг бошқа вилоятларидан келиб, фаолият кўрсатаётганлар ҳам бир нечта.

– Бу ерда иш бошлаганимга бир йилдан ошди, – дейди наманганлик Илҳом Мажидов. – Корхонада ҳамма шароит етарли. Кунлик овқатимиз корхона томонидан қопланади. Ойига меҳнатимизга қараб, ўртача икки миллион сўм атрофида маош оламиз.

Аслиддин Ҳусенов айни пайтда унча катта бўлмаган бу корхонада 20 хил турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. У кейинги йилдан бошлаб маҳсулот турини янада кўпайтириб, 50 дан ортиқ қўшимча иш ўрни яратишни режалаштирмоқда. Ёш тадбиркорнинг хонасига кирганимизда жавонда турган турли мавзудаги бадиий, ижтимоий-сиёсий китоблар ҳамда газета ва журналлар тахламини кўрдик. Ташкилот раҳбарининг айтишича, мунтазам мутолаа билан шуғулланар экан. Шу ўринда устозларимиздан бирининг “Китоб ўқиган раҳбар ҳеч қачон ходимларига адолатсизлик қилмайди”, деган сўзлари ёдимга тушди. Албатта, шунча ишдан ортиб, китоб ўқийдиган раҳбарнинг адолатсизлик қилиши қийин.

– Кўп жойларда ишладим, – дейди туманнинг Торинжак маҳалласида яшовчи Фароғат Турсунова. – Аммо бу ердаги имкониятларни бошқа корхонада кўрмадим. Бизни ҳар куни эрталаб маҳалламиздан автобусда олиб келиб, иш вақти тугагач, элтиб қўйишади. Иш бошқарувчиларимизнинг ҳам муомаласи яхши, меҳнатимизга қараб, рағбатлантиришади.

Абдужаббор ПЎЛАТОВ.

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15