ШИФОКОРЛАР ШАРАФЛАНДИ

Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан туманимизда байрам тадбири ўтказилди. Унда соҳа ходимлари, соғлиқни сақлаш тизими ривожига муносиб ҳисса қўшган шифокорлар, меҳнат фахрийлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди. 
Байрам қатнашчиларини туман ҳокими Маматжон Турдиев қизғин табриклаб, мамлакатимизда аҳоли соғлиғини муҳофаза этишга давлат сиёсати даражасидаги муҳим масалалардан бири сифатида қаралаётгани, соғлиқни сақлаш муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, тармоқнинг моддий техника базасини мустаҳкамлашга катта аҳамият берилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Қайд этилганидек, туманимизда ўзининг маҳорати, қўли енгиллиги билан ҳалқимиз ўртасида ҳурмат қозанаётган шифокорлар кўпчиликни ташкил этади. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари Обид Қудратов, шифокорлар Суръат Очилов, Исомиддин Раҳмонов, Қобил Файзиев, Камолиддин Ҳотамов, Шоҳимардон Саидов, Зафар Эгаммуродов, Азимжон Ортиқов, Тоҳира Тўлаева, Дилбар Мирзаева, тиббий биродар ва ҳамширалар: Учқун Очилов, Алишер Одилов, Шерали Қаршиев, Зебо Муҳиддинова, бош ҳамшира Замира Абдураҳмоновалар эл соғлиғи йўлида ҳормай-толмай меҳнат қилиб, обрў-эътиборга сазовор бўлмоқда.
Байрамда бир гуруҳ шифокорларга туман ҳокимининг ташаккурномалари, туман тиббиёт бирлашмасининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди. Маданият бўлимининг санъаткорлари иштирокчилар эътиборига ўз куй-қўшиқларини туҳфа этишди. 

Жасур МАМАДАМИНОВ

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15