БОЖХОНАЧИЛАР “УРГУТ” ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ ЗОНАСИДА

Вилоят божхона бошқармаси томонидан “Ургут” эркин иқтисодий зонаси иштирокчиларига қулайлик яратиш мақсадида 3 нафар ходимдан иборат “Самарқанд” ташқи иқтисодий фаолият божхона постининг “Ургут” божхона пункти фаолияти ташкил этилган. 
Мазкур саноат ҳудуди фаолиятини янада жонлантириш, экспортбоп товарлар ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш борасида қатор амалий ишлар қилинмоқда. Бу борадаги мавжуд муаммоларни ўрганиш ва бартараф этилишига кўмаклашиш мақсадида вилоят божхона бошқармаси ходимлари ЭИЗда бўлишди.
“Ургут” эркин иқтисодий зона дирекцияси давлат унитар корхонаси масъул ходимлари ва ЭИЗ иштирокчилари билан мулоқот олиб борилди. 
Учрашувда таъкидланганидек, тадбиркорларни қўллаб-қуватлаш, уларга қулай шароитлар яратиш мақсадида, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори асосида импорт божи ва акциз солиғи ставкалари унификация қилинди ҳамда 2019 йил 1 январдан бошлаб амалга киритилиши белгиланди.
Жумладан, жами 11295 товар позициясидан 3410 таси бўйича божхона божи ставкалари туширилиб, 8166 (6240) та товар позицияси учун божхона божи 0 ставка миқдорида белгиланди. Божхона божи ставкасининг ўртача арифметик ҳисоби амалда 6,45 фоизни ташкил этар эди. Президентимизнинг мазкур қарори асосида у 4,07 фоизни ташкил этиб, 1,5 баробарга камайди.
Акциз солиғига тортиладиган жами 1530 та товар позицияларидан 778 тасига акциз солиғи ставкаси 0 ставка миқдорида белгиланди (қисқариш 1,9 баробар). 752 та товар позициялари бўйича 5 фоиздан 70 фоизгача бўлган ставкалар янада қисқартирилди.
Бугунги кунда “Ургут” ЭИЗда фаолият кўрсатувчи 67 та корхонанинг ишлаб чиқариш лойиҳалари эркин иқтисодий зоналар маъмурий кенгаши томонидан тасдиқланган.
Жорий йилнинг 10 ойи давомида “Ургут” ЭИЗда фаолият кўрсатувчи 28 та корхона томонидан лойиҳа асосида хорижий давлатлардан импорт қилинган товарлар учун 71,4 миллиард сўм қийматида божхона имтиёзлари берилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 70,1 миллиард сўм кўп, демакдир. 
Шунингдек, жорий йилнинг 10 ойи давомида ЭИЗга аъзо 13 та корхона томонидан қиймати 14 467,53 минг АҚШ долларига тенг бўлган 17 хилдаги товарлар Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон, Озарбайжон, Хитой ва Туркия давлатларига экспорт қилинган.
Учрашув давомида вилоят божхона бошқармаси ва “Ургут” эркин иқтисодий зона дирекцияси ўртасида ўзаро электрон маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш масаласида келишиб олинди.

Тимур НАЗАРОВ,
вилоят Божхона бошқармаси Божхона тўловлари бўлими
катта инспектори.

 

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15