СПОРТЧИЛАРИМИЗ КУЧЛИЛАР САФИДА

Самарқанд шаҳрида қўл жанги спорти бўйича вилоят очиқ чемпионати мусобақалари бўлиб ўтди. Унда 2000-2010 йилгача туғилган 300 нафар спортчилар ўнта вазн тоифасида кураш олиб бордилар.
Қўл жанги спорти туманимизда 3-4 йилдан буён фаолият юритаётган бўлса-да, спортчиларимиз Республика, вилоят миқёсида ўтказилаётган турли биринчилик, турнирларда кўплаб совринли ўринларни қўлга киритиб келишмоқда.
Алгар маҳалласида истеъдодли ёш мураббий Ёрқин Ғиёсов томонидан ташкил этилган қўл жанги бўйича секцияни туманимизда спортнинг шу соҳаси бўйича истеъдодли спортчилар етишиб чиқаётган марказ, деб бемалол айта оламиз.
Ҳозирги пайтда бу секцияда Алгар ва унга қўшни бўлган маҳаллалардан 60 нафар ёшлар шуғулланмоқда.
Бу сафар ҳам очиқ чемпионат мусобақаларида 19 нафар спортчиларимиз қатнашиб, 17 та совринли ўринлар қўлга киритилди. Ўз вазн тоифаларида Аҳмаджон Эгамбердиев, Ҳожиакбар Мусурмонов, Собиржон Мўминов, Муҳаммадали ва Ислом Муртазаев, Қувончбек Очилов, Сарбоз Садриддинов, Машҳур Неъматуллаевлар олтин медалга сазавор бўлдилар. Яна беш нафар спортчимиз кумуш, тўрт нафари бронза медаллари билан тақдирланди.
Айни пайтда қўл жанги бўйича спортчиларимиз Ўзбекистон биринчилиги мусобақаларига қизғин тайёргарлик кўришмокда.

М.МЕЙЛИЕВ

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15