“УЙИ БОРНИНГ ЎЙИ ЙЎҚ”

Президентимиз томонидан мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий соҳани ривожлантириш орқали кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда.
Туманимизнинг Ўрамас маҳалласида 10 та, Бойбулда 20 та, Алгарда 50 та, Кенагасда 10 та, Мерганча маҳалласида 121 та 2 сотихли, 3 хонали, 4 та 3 қаватли 18 хонадонли, Боғишамол маҳалласида 4 сотихли, 2 қаватли 64 та намунавий уй-жойлар қурилиши кўзда тутилган бўлиб, буларнинг барчаси халқ манфаатига, аҳолининг талаб ва эҳтиёжини қондиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. 
Мерганча массивида қурилиши керак бўлган 3 қаватли уй-жой биноларида иш бошланганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Шунга қарамай, қурувчиларнинг ғайрати, тезкор саъй-ҳаракати билан қурилиш ишлари ўз якунига етказилиб, уй-жойга эҳтиёжманд бўлган оилаларга топширилди. 
Халқимизда “Уйи борнинг ўйи йўқ”, деган нақл бор. Дарҳақиқат, уй-жойга муҳтож оилалар вакилларига ҳар томонлама қулай бўлган бу замонавий уйларнинг топширилиши ҳақиқий байрам шодиёнасига айланиб кетди. 
Айниқса, Ойбек Қулматов, Валижон Ўзбеков, Эркин Волисов, Артиқ Аҳмедов ҳамда Эркин Ақиловларга ушбу уй-жойларнинг биринчи тўлови давлатимиз томонидан амалга оширилгани хонадон эгаларининг давлатимизга, Президентимизга бўлган ишончини мустаҳкамлади, десак муболаға бўлмайди. 
Туманимизда ана шундай хайрли ишлар давом этмоқда. 
Дилноза АҲРОРОВА

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15