СУДЛАРГА ШИКОЯТИНГИЗ БОРМИ?

Ургут маданият ва истироҳат боғида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Холмўмин Ёдгоров сайёр қабул ўтказди. Унда Ургут ва Тойлоқ тумани фуқаролари ўзларини қийнаётган масалалар юзасидан мурожаат қилишди.
Тадбирни туман ҳокими М.Турдиев кириш сўзи билан очди.
Олий суд раисининг ўринбосари мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида тўхталиб, иштирокчиларни соҳадаги янгиликлардан хабардор қилди.
Таъкидланишича, илгари алоҳида фаолият юритган судларнинг ягона тизимда бирлаштирилиши, ишни қўшимча терговга юбориш тартибининг бекор қилиниши фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлаб, уларни ортиқча оворагарчиликлардан халос этишда муҳим ўрин тутмоқда.
Тизимнинг бирламчи вазифаси одамларни жазолаш эмас, балки хатосини англаб, тузалиш йўлига ўтиши, тўғри йўлни танлашига кўмаклашишдан иборат. Айбдорга нисбатан маҳалла, Ёшлар иттифоқи ва бошқа жамоат тузилмалари кафиллиги остида озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турларининг қўлланилаётгани ёки жазодан озод этилаётгани унинг оиласи ва яқинлари бағридан узилиб қолмаслигига имкон беряпти.
Сайёр қабулда фуқаролар мурожаат мазмунига кўра, Олий суднинг жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий масалалар бўйича судьялари билан мулоқотда бўлишди.
Жумладан, М.Пўлатова жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди томонидан судланган турмуш ўртоғига нисбатан афв қилиш масаласида илтимоснома билан мурожаат қилди. Унга афв этиш бўйича мурожаат қилиш тартиб-тамойили, Жиноят-процессуал кодекснинг 510-моддасига асосан назорат тартибида шикоят қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.
М.Нусратов эса жиноят ишлари бўйича Ургут туман суди томонидан ўзига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 109-моддасининг 2-қисми билан кўрилган ишни қайтадан кўриб чиқишни сўради. Унга назорат тартибида шикоят қилиш ҳуқуқи тушунтирилиб, шикоят аризаси қабул қилинди.
Қ.Маҳмудов жиноят ишлари бўйича Ургут туман суди томонидан судланган турмуш ўртоғига нисбатан тайинланган жазони енгилроғи билан алмаштиришда ёрдам сўради. Унга Жиноят-процессуал кодекснинг 498-моддасига асосан кассация тартибида шикоят қилиш ҳуқуқи борлиги маълум қилинди.
Умуман олганда, мурожаатларнинг муайян қисмини тайинланган жазо турини енгиллатиш, афв этиш, оила ва никоҳ, ер, уй-жой билан боғлиқ муносабатлар масаласи ташкил этди. М.Аъзамов, З.Тугалова, Д.Умарова, Б.Ҳакимов, Ш.Нозиров ва бошқаларнинг мурожаатлари шулар жумласидан.
Суд қарорларидан қониқиш билдирган фуқаролар ҳам йўқ эмас, албатта. Масалан, У.Мансуров ўғлига нисбатан кўрилган жиноят иши бўйича ЖИБ Ургут туман судининг раиси Ж.Арсланов томонидан одилона қарор қабул қилинганлиги юзасидан миннатдорлигини билдирди.
- Республика Олий суди раиси ўринбосари ўтказаётган сайёр қабул “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идораларига халққа хизмат қилиши керак”, деган эзгу тамойилнинг яна бир амалий ифодаси бўлаяпти, - дейди Мақсуда Рашидова. - Маҳалладошимиз эри билан анча йиллардан буён расмий никоҳсиз, шаръий никоҳ асосида яшаб келаётган эди. У билан бирга сайёр қабулда қатнашдик ва мазкур муаммо ҳал этилиб, никоҳ расмийлаштириладиган бўлди. 
Олий суд раисининг ўринбосари ва судьялар ҳар бир мурожаатни диққат билан тинглаб, кўтарилган масалаларга тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жавоб берди. Ўрганиш талаб этиладиган мурожаатларга муддат белгиланиб, фуқаролар бундан хабардор этилиши маълум қилинди. 
Нусрат БОБОЕВ

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15