САЙЁР СУДДА ҲУҚУҚБУЗАРЛАР АЙБДОРЛИГИНИ ТАН ОЛДИ

“Бойбул” маҳалла фуқаролар йиғинида туман маъмурий суди раиси Акмал Алимов бошчилигида сайёр суд мажлиси ўтказилди.
Унда Самарқанд вилоят божхона бошқармаси суриштирув ва маъмурий амалиёт бўлими масъул ходимлари, маҳалла фаоллари, туман ИИБ профилактика инспектори ва маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Суд мажлисида “Жартепа” чегара божхона постида аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари билан боғлиқ 10 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 245-моддасига асосан сайёр суд мажлисида мазмунан кўриб чиқилди.
Дастлаб, суд раиси А.Алимов “Жартепа” чегара божхона пости ҳудудига яқин жойлашган “Бойбул” маҳалла аҳолисига чегара божхона пости орқали товарларни олиб кириш ва олиб чиқиш меъёрлари ҳақида ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этилганда қонунчиликда белгиланган тартибда жазо муқаррарлигини таъкидлади. 
Хусусан, товарларнинг божхона чегараси орқали ноқонуний тарзда олиб ўтилиши билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари содир этилса, ҳуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 22721 ва 22722 моддалари билан маъмурий жавобгарликка тортилиши, ҳуқуқбузарнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд бўладиган бўлса, унда Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги огоҳлантириб ўтилди.
Бугунги сайёр суд мажлиси фуқароларга қулайликлар яратиш ҳамда энг асосийси жазолаш эмас, тарбиялаш мақсадида ташкил этилганлигини суд раиси А.Алимов йиғилганларга тушунтириб ўтди.
Шундан сўнг вилоят божхона бошқармаси томонидан бир неча шахсларга нисбатан юритилган маъмурий иш ҳужжатлари атрофлича кўриб чиқилди. Ҳуқуқбузарларга амалдаги қонунчилик талаблари тушунтирилди ва уларга нисбатан тегишли жазо чоралари тайинланган ҳолда қарорлар қабул қилинди.
Жумладан, “Жартепа” чегара божхона пости орқали қўшни давлатдан келган фуқаро Ж.Б.нинг ахборот ташувчи воситасидан аниқланган бехаё мазмундаги видеофайлларни Ўзбекистон Республикасига олиб киришга уринганлиги ҳолати бўйича юритилган маъмурий иш кўрилиб, Ж.Б. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 189-моддаси билан айбли, деб топилиб, унга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Шунингдек, фуқаро М.С. умумий қиймати 3 миллион сўмдан зиёд олти хил турдаги товарларни божхона қоидаларини бузган ҳолда Ўзбекистон Республикасига олиб киришга уринганлиги ҳолати бўйича юритилган маъмурий иш кўрилиб, М.С. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодек-сининг 22722-моддаси 1-қисми билан айбли, деб топилиб, унга нисбатан МЖтКнинг 21-моддаси қўлланиб, огоҳлантирилган ҳолда товарлар давлат эгалигига мусодара қилинди.
Сайёр суд сўнгида яна бир бор чегераларимиз орқали ноқонуний, белгиланган меъёрлардан ортиқча товарларни олиб кириш каби қоидабузарликларни содир этмаслик каби масалалар аҳолига тушунтириб ўтилди.
Шунингдек, мажлис иштирокчиларига божхона қоидабузарликлари ёки божхона ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан Самарқанд вилояти божхона бошқармасининг 233-63-00 “Ишонч телефони” рақамига қўнғироқ қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати.

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15