МЕРГАНЧАДА ЯНГИ МАСЖИД ҚУРИЛМОҚДА

Собиқ шўролар тузуми даврида туманимизда атиги битта масжид фаолият юритган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 61 тага етди. Яратганга шукурки, уларда тумандошларимиз ўзларининг ибодатларини эмин-эркин амалга оширмоқдалар. Шаҳримизнинг Мерганча маҳалласида қад ростлаётган Чўбин жоме масжидининг янги биноси, нафақат туманимиз ва вилоятимиз, балки республикамиз фахри бўлиши муқаррар, иншооллоҳ.
Қуйидаги маълумотлар бунинг исботи бўлади. Барпо этилажак янги жоме масжидининг катталиги 55-45 метрга тенг, у ўз бағрида 8 минг нафар намозхонни сиғдира олади. Масжид гумбазининг баландлиги 37 метр бўлиб, диаметри 18 метрни ташкил этади. Бинонинг тўрт томонида қад кериб турган тўрт миноранинг баландлиги эса 45 метр бўлиши режалаштирилган.
Айни кунда қурилиши жадаллик билан давом этаётган икки қаватли маъмурий бинода мажлислар зали, музей, кутубхона ва ташриф буюрувчи меҳмонлар учун кичик меҳмонхона ташкил этиш кўзда тутилган. Шунингдек, масжид худудида қирқ ўринга мўлжалланган таҳоратхона, намозхонларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида кенг ва замон талабларига жавоб берадиган автотураргоҳ қурилади.
Шоди ҲАҚБЕРДИЕВ,
туман бош имом-хатиби.

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15