МАҲАЛЛА АҲЛИГА БАЙРАМ ТУҲФАСИ

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида туманимизда ҳам фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш юзасидан қатор амалий ишлар қилиняпти. 
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлими томонидан маҳаллалар фаолияти ўрганилиб, фуқаролар йиғинлари ходимлари учун муносиб меҳнат шароитини яратиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хусусан, 10 та маҳалла фуқаролар йиғини ўзининг янги биносига эга бўлди.
Сўфиён, Сариқтепа, Навбоғ, Мозортепа, Хўжайдуқ, Украч, Совғон, Тароқли, Ўроқбойжар, Мерганча маҳаллаларида қад ростлаган янги бинолар асосан ҳомийлар кўмагида ҳашар йўли билан барпо этилди.
Мустақиллик байрами арафасида ўтказилган очилиш маросимлари катта тантанага айланиб кетди. Иштирокчилар маҳалла гузарларида ходимлар ва ҳудуд аҳолиси учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар. Улар бир пиёла чой устида суҳбат қуриб, иқтидорли ўқувчи-ёшлар томонидан тайёрланган бадиий чиқишларни томоша қилишди.
- Маҳалламизда 3520 нафар аҳоли истиқомат қилади, - дейди Тароқли маҳалласи фаоли Шавкат Эшалиев. - “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бў-линмаси кўмагида маҳалладошларимиз кучи билан замонавий янги бино қуриб битказилди. Бошқача айтганда, Мустақиллик байрами ҳаммамиз учун қўшалоқ айёмга айланди. Иншоот замонавий шароит ва қулайликларга эга. Ўйлайманки, ушбу янги бино фуқаролар йиғини ходимларининг иш самарадорлигини ошириш баробарида аҳолининг оғирини енгил қилишдек эзгу мақсадларга хизмат қилади. 
Маҳалла фуқаролар йиғинларининг янги бинолари мебель ва бошқа зарур воситалар, ҳуқуқий қўлланма ва адабиётлар билан тамин-ланган. Аҳоли озиқ-овқат дўкони, тикиш-бичиш цехи, сартарошхона ва бошқа маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари имкониятларидан шу ернинг ўзида фойдаланиши мумкин. Замонавий маҳалла гузарларида раис ва ўринбосарлар, маслаҳатчилар, “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси вакили, профилактика нозири учун алоҳида хоналар ажратилган.
Шунингдек, Чағизмон, Терак, Ипакли, ўиштмачит, Этак Бешкапа, Жозмон, Нисбот, Кенагас, «Тинчлик», Сойгузар, Чоштепа, «Ўзбекистон», Бешёғоч, Чорчинар, Андак, Қайроқли ва Юқори Қайроқли маҳалла фуқаролар йиғинларининг янги биноларини фойдаланишга топширишга ҳозирлик кўрилмоқда.
Сирожиддин ТАЙЛОНОВ

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15