ҚАЛБЛАРДА ИСТИҚЛОЛ ШУКУҲИ

Image_tadbir: 

Бугун мамлакатимизнинг барча гўшаларида истиқомат қилаётган ҳамюртларимизнинг юзи ва кўзида ҳаётдан мамнунлик, бахтиёрлик нашидаси акс этган. Халқимиз асрий орзу-интилишларининг, жасоратининг натижаси - мамлакатимиз мустақиллигининг қутлуғ йигирма етти йиллиги кенг нишонланмоқда. 
Ургут маданият ва истироҳат боғида жойлашган амфитеатрда “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида бўлиб ўтган Мустақиллик байрами тантанасида ҳам каттаю кичик ҳамюртларимизнинг юз-кўзида ўз ҳаётидан, тинч ва осойишта, фаровон кунлардан мамнунлик, мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик, яратиш, яшнатиш ишларидан хурсандлик, шукроналик туйғулари акс этди. 
Бугун шуни чуқур мамнуният билан айтиш жоизки, мустақиллигимизнинг ўтган йигирма етти йили мамлакатимиз учун ниҳоятда қутлуғ ва баракали келди. Биз ҳар жабҳада асрларга татигулик ютуқларни қўлга киритдик, дунёга юз тутдик. Жаҳон жамоатчилигининг юқори минбарлардан айтаётган эътирофлари бунга мисолдир. Бундай ижобий ўзгаришлар юртдошларимиз қалбида миллий онг, миллий ғурур тушунчаларини шакллантиришда, ёш авлодни юртга дахлдорлик, муҳаббат, Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда катта аҳамиятга эга.
Мусиқа садолари тантаналар шодиёнаси бошланганидан дарак берди.
Сўз туман ҳокими Маматжон Турдиевга берилди.
Ҳоким шодиёна иштирокчилари ҳамда улар орқали туманимиз аҳлини истиқлол байрами билан самимий муборакбод этди.
- Ассалому алайкум, қадрли ва муҳтарам юртдошлар! Сизлар билан энг улуғ, энг азиз айём - Мустақиллик байрами арафасида кўришиб турганимдан бағоят хурсандман. Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарори халқимизнинг қалбига ажиб бир маънавий ҳарорат бахш этди. “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” деган ғоянинг унга сингдирилиши ўзбек халқининг азиз, ягона, жонажон Онаси - ўз Ватанига муҳаббат ва садоқати изҳори бўлди, - деди туман ҳокими. 
Шуни эътироф этиш керакки, 2018 йил миллатимиз учун шиддат ва ғайрат, инновациялар йили бўлмоқда. Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга ошаётган давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, халқ билан мулоқотни йўлга қўйиш, инсон манфаатларини таъминлаш, қонун устуворлигига эришиш ва суд-ҳуқуқ соҳасини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни ривожлантириш ва фаол тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, санъат, туризм ва спортни ривожлантириш, тинчлик-осойишталик ва хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, ташқи сиёсатда барча узоқ ва яқин давлатлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни жадал ривожлантиришдек кенг кўламли ишларга барчамиз гувоҳ бўлдик.
- Берилаётган имтиёзлар ва яратилаётган қулай шарт-шароитлар туфайли, - дея сўзида давом этди ҳоким, - туманимизда саноат ва халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқаришда хусусий сектор ва кичик бизнеснинг улуши 99,9 фоизни ташкил этяпти. Ургутда бугун шифер, оҳак, мармар, пластик эшик-ром, сендвич панеллар, тунука рулонлар, полиуретан хомашёлари, полиэстер толасидан полиэфир тикув ипликлар, сунъий ва синтетик чиқиндилардан нотўқима мато ва пластик маҳсулотлар, пахта толасидан газламалар, полиуретан хомашёсидан сунъий тери маҳсулотлари, виллур ва вилвет газламалар, ранг-баранг гиламлар, пайпоқлар, пойабзаллар, жун одеяллар, спорт ва болалар кийимлари, мактаб сумкалари, ёғ маҳсулотларини қадоқлаш ва полиэтилен қоплар, қопқоқлар ва капсулалар, пахта толасидан ип-калава, трикотаж матолари, газ плиталари, кир ювиш машиналари, кабель маҳсулотларию ток кучайтиргичлар, электр чироқ, антенна, чанг-юткичлар ишлаб чиқарилмоқда.
Сир эмаски, бугунги кунда бизга ёндош бўлган давлатлар билан муносабатларни янада мустаҳкамлаш, янги поғоналарга кўтариш, миллатлараро тотувлик, бирдамлик, яқин қўшничилик алоқаларига устувор вазифалар сифатида жиддий эътибор берилмокда. Хусусан, ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги самимий ва дўстона муносабатлар илдизи узоқ асрларга бориб тақалади. Яқин қўшничилик, қон-қардошлик, тилимиз, динимиз, урф-одат ва қадриятларимиздаги муштараклик минг йиллар давомида ўзаро меҳр-муҳаббат, дўстлик, биродарлик ришталари мустаҳкам боғланганлигининг тимсолидир. 
Икки қардош давлатлар ўртасидаги дипломатик алоқалар кўлами ва қамровининг изчиллик билан кенгайиб бораётгани Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари манфаатларига хизмат қилмоқда. Шу ўринда жорий йилнинг 1 март куни «Жартепа» ва «Саразм» автомобиль ўтказиш пунктларининг қайта очилгани муҳим тарихий воқеа бўлди. 
- Самарқанд ва Суғд вилоятларини боғловчи автомобиль ўтказиш пунктларининг очилиши савдо-иқтисодий, маданий алоқалар ва туризм тараққиётига хизмат қилиши баробарида, чегарадош ҳудудларда яшовчи ҳар икки мамлакат фуқароларининг, қариндош-уруғларнинг ўзаро борди-келдисини енгиллаштириши билан ҳам аҳамиятлидир. Бугун “Жартепа-Саразм” ўтказиш пункти орқали ҳар икки мамлакатнинг қондош ва жондош халқлари эмин-эркин ўтиш имкониятларидан баҳраманд бўлиб, қариндошлик ришталарини мустаҳкамламоқда, - дея ўз маърузасида эътироф этди туман ҳокими М.Турдиев.
Карнай-сурнай садолари истиқлол тантаналаридан дарак бериб, Ургутнинг мусаффо осмони узра жаранглади. Болажонларнинг беғубор туйғулари акс этган куй-қўшиқларда, кўҳна қадриятлар-фольклор оҳангларда умрбоқий анъаналаримиз яна бир бор тараннум этилди. Файзли оқшомда ургутлик ёш эстрада хонандалари ҳамда таниқли санъаткорларнинг чиқишлари шодон олқишлар, рақсларга уланиб кетди. 
- Мен бир она ва шифокор сифатида туманимиздаги ўзгаришлардан фахрланиб, қувониб яшаяпман. Кундан-кун чирой очиб, ўзгариб, янада кўркам ва обод бўлиб бораётган гўзал Ургутимиз жамолини кўрганда, барча-барчаси халқ учун, инсон манфаати учун эканлигини чин дилдан ҳис этаман. Боғдаги болажонларнинг кулгусини эшитиб, мусиқали фаввораларни томоша қилиб, дилимиз яйради. Тинч-осойишта, хотиржам ва мустақил юртда яшаётганлигимиздан бахтиёрмиз, - дейди байрам иштирокчиси М.Муртазоева. 
Ана шундай байрам тадбирлари туманимизнинг барча ҳудудларида, шу жумладан, Тўрткўл ва Мирзабоғлон-Чеп маҳаллларида жойлашган амфитеатрларда ҳам кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Сўзга чиққанларнинг самимий дил изҳорлари, жажжи болажонларнинг ва таниқли санъаткорларнинг куй-қўшиқлари йиғилганларга олам-олам қувонч улашди. 
Истиқлол нафаси, байрам шукуҳи ҳар бир кўнгилда, оилада, масканда давом этади.
Баҳодир ЖЎРАЕВ

2015-2018 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15