ТИББИЁТ МАСКАНЛАРИГА ПРЕЗИДЕНТ СОВҒАСИ

Қишлоқ врачлик пунктлари ва тез тиббий ёрдам шохобчаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида қилинаётган амалий ишлар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш даражасини ошириш мақсадларига қаратилгани билан аҳамиятлидир. 
Ўзбекистон маҳалласида жойлашган кўп тармоқли марказий поликлиникага қарашли Пахмоб ҚВП 10 мингдан зиёд аҳолига хизмат кўрсатади. Пункт қошидаги тез тиббий ёрдам шохобчасига Президент совғаси - тиббий ускуналар билан жиҳозланган "Дамас" автомашинаси топширилди. Бу эса фуқароларнинг чақирувларини тезкор амалга ошириш имкониятини кенгайтирди.
- 1310 та хонадонда яшовчи маҳалладошларимизнинг узоғини яқин қилишда ушбу тиббиёт масканининг ўрни алоҳида, - дейди Ўзбекистон МФЙ раиси Ғиёс Ахтамов. - Бирламчи тиббиёт муассасаларининг фаолияти замонавий талаблар даражасида йўлга қўйилаётгани барчамизни қувонтиради, албатта. 
Шу куни Ўрамас маҳалласида жойлашган қишлоқ врачлик пункти қошидаги тез тиббий ёрдам шохобчасига ҳам Президент совғаси - "Дамас" автомашинаси тақдим этилди. 
Ушбу ҚВП ва тез тиббий ёрдам шохобчаси Ўрамас, Дўнгқишлоқ, Равот маҳаллалари аҳолисига хизмат кўрсатади. 
- Бирор сабаб туфайли тобимиз қочса, аввало ўзимиздаги дўхтирларга мурожаат қиламиз. - дейди меҳнат фахрийси Шароф бобо Мунавваров. - Барака топишсин, ширин сўзи, яхши муомаласи, касб маҳорати билан дардимизга малҳам бўлишяпти. 
Тиббиёт масканларига Президент совғасини топшириш маросимларида туман ҳокимининг ўринбосари И.Жабборов, туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси раҳбари Ҳ.Зиёдуллаев, маҳалла аҳли, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Нусрат БОБОЕВ

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15