ТУМАН ҲОКИМЛИГИНИНГ ИБРАТЛИ ТАШАББУСИ битирувчи ёшларнинг бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда

Бугун ёшларнинг бандлигини таъминлаш - кўпчиликни ташвишлантираётган масала. Гарчи, корхона, ташкилот ва муассасаларда мутахассисларга муҳтожлик сезилаётган бўлса-да, ҳатто, олий маълумотли кадрларнинг иш ахтариб юрганига тез-тез гувоҳ бўлиняпти. Касб-ҳунар коллежларини битирганларни-ку қўяверинг, олий ўқув юртини битирган ёшларни ҳам мутахассислиги бўйича жойлардаги бўш иш ўринларига тақсимлаш, жалб қилишда эътиборсизлик қилинмоқда. 
Ҳудудларда ташкил этилаётган меҳнат ярмаркалари эса кутилган самарани бермаяпти. Олийгоҳ дипломини қўлтиқлаб, ташкилот эшигидан кириб келган битирувчини ҳамма раҳбарлар ҳам “хуш кўриб” қабул қилишмайди ёки ўзларидаги квота ўринлари, яратилган имкониятлар ҳақида тўлиқ маълумотларни ёшларга етказа олишмаяпти.
Туман ҳокимлиги шу каби муаммоларга ечим топиш, мавжуд корхона ва ташкилотлардаги етук мутахассисларга бўлган эҳтиёжни қоплаш мақсадида хайрли ташаббусни бошлади.
Самарқанд шаҳридаги Концерт залида вилоятимиз олийгоҳларини битириш арафасида турган юзлаб ургутлик ёшлар учун туман ташкилот ва муассасаларидаги бўш иш ўринлари бўйича тақдимот тадбирини уюштирди.
- Аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш ижтимоий муҳофазанинг энг самарали омили саналади, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари И.Жабборов. - Жорий ўқув йилида Самарқанд олий таълим муассасаларини 450 нафарга яқин ургутлик ёшлар битирмоқда. Бугунги тадбирда халқ хўжалигининг турли йўналишлари бўйича мутахассисликка эга бўлган ушбу кадрларга туман халқ таълими, мактабгача таълим бўлимлари, тиббиёт бирлашмаси, маданият, спорт ва банк муассасалари, коммунал хизмат корхоналари, ёшлар иттифоқи туман кенгаши каби ўнлаб ташкилотлардаги мингга яқин бўш иш ўринлари ҳақида маълумот берилди. Ҳар битта битирувчи билан алоҳида суҳбатлашилиб, уларнинг хоҳиш-истаги ўрганилди ва мутахассислиги бўйича ишга тавсия қилинди.
- Тўрт йил Самарқанд давлат университетининг география факультетида таҳсил олиб, ишга жойлашиш ҳақида ўйлаб кўрмаган эканман, - дейди Д.Бахтиёрова. - Айни якуний давлат имтиҳонлари топшириш арафасида қаерда ишлашимни билмай, ташвишга тушиб қолгандим. Тўғриси, қайси ташкилотга мурожаат қилишни ҳам билмасдим. Бугунги тақдимотда шахсан туман ҳокими ўринбосари ва халқ таълими бўлими таклифи билан 123-умумтаълим мактабига география фани ўқитувчилигига тавсия этилдим.
Тадбир якунида юз нафардан зиёд битирувчиларга ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, туман ҳокимлиги ва прокуратураси ҳамкорлигида битирувчиларни Ургутга таклиф этиб, улар иштирокида иш ўринлари мавжуд бўлган корхоналарга саёҳат ташкил этиш, у ердаги шарт-шароитлар билан яқиндан таништириш тадбирларини ўтказишга келишиб олинди.
Абдуғофур ШЕРХОЛОВ,
журналист.

 

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15