УРГУТДА ВИЛОЯТ СУДИНИНГ НАВБАТДАГИ САЙЁР ҚАБУЛИ  

Сайёр қабулларнинг самараси ҳақида кўп ва хўп гапирилган. Кейинги йилларда фуқароларимизнинг ҳуқуқий саводхонлиги ошиб бормоқда. Барибир ҳамма бирдек бўлмаганидек, дардини, муаммосини кимга айтишни билмай ёки қайсидир идорага боришдан тортиниб юрган юртдошларимиз кўп учрайди. Жойлардаги суд-ҳуқуқ масалалари бўйича сайёр қабуллар аҳолининг кўплаб муаммоларига ечим топишда самарали бўлмоқда.   

Ургут тумани Халқ қабулхонасида Самарқанд вилоят судининг навбатдаги сайёр қабули ташкил этилди. Унда Самарқанд вилоят суди раиси ўринбосари Т.Байзаков ва вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Б.Фармонов аҳоли билан учрашув ва сайёр қабул ўтказди. 
Дастлаб, йиғилганлар билан учрашувда вилоят суди раиси ўринбосари Т.Байзаков бугунги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, қонунчиликдаги янгиликлар, мамлакатимиздаги бугунги сиёсий-ижтимоий вазият, давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, суд-ҳуқуқ тизимидаги сўнгги янгилик ва ўзгаришлар ҳақида тушунча берди. Сайёр қабулларнинг аҳамиятини тушунтириб, фаол иштирок этишга, ўз муаммоларини тортинмай баён этишга чақирди. 

Сайёр қабулда жиноят, иқтисодий ва фуқаролик судларига оид турли масалалар юзасидан мурожаат қилиб келган 15 нафарга яқин фуқаролар қабул қилинди. Барча мурожаатлари атрофлича кўриб чиқилиб, тегишли тартибда тушунтиришлар берилди. Ҳар бир мурожаатга алоҳида эътибор қаратилди ва назоратга олинди. Жазони енгиллаштириш, ер, мол-мулк, алимент ва бошқа масалаларда мурожаатлар бўлди. Содир қилган қилмиши учун жиноий жавобгарликка тортилиб, жазо ўтаётган, туман ИИБ пробация ҳисобида турувчи 8 нафар маҳкум пушаймонлиги, тегишли хулоса чиқарганлиги, қатъий тузалиш йўлига ўтганлигини баён қилиб жазонинг ўталмай қолган қисмидан озод қилишни сўраб мурожаат қилди. 

Бундан ташқари, шу ернинг ўзида жиноят ишлари бўйича Ургут туман суди судьялари томонидан сайёр суд мажлиси ташкил этилди. 
Ҳар бир ҳолат алоҳида ўрганилиб, туман ИИБ пробация ҳисобида турувчи мазкур маҳкумлар жазони ижро этиш вақтида белгиланган барча тартиб қоидаларга тўлиқ риоя қилганлиги ва тузалиш йўлига ўтганлиги инобатга олиниб, 6 нафар шахслар ўталмай қолган жазодан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли равишда озод этилди.
Демак, давлатимизнинг инсонпарварлик сиёсати туфайли янги йил байрами бу хонадонларда янада шукуҳли бўлади.
Самарқанд вилоят судининг жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими.

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15