Фарғонада гилос экспорти бошланди

Фарғона вилоятида гилос экспорти бошланди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Фарғона вилоятининг Қува тумани ва Қувасой шаҳарларида гилос пишган. Гилоснинг эрта пишар турларига хорижий давлатларда ҳам талаб катталиги туфайли экспорт қилиш бошланган.

Фарғона вилояти божхона бошқармасининг «Водий», «Марғилон» ва «Қувасой» ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида аллақачон Россия, Қирғизистон ва Қозоғистонга чиқарилаётган гилос экспорт божхона режимига расмийлаштирилган.

Таъкидланишича, гилос жуда нозик ва тез бузилувчан мева ҳисобланади ва уни юқори ҳароратда ҳамда кўп ушлаб туриш товарнинг бузилишига сабаб бўлади. Шу сабабли гилосларни ташиш ва юклаш ишлари, асосан, кечки вақтларда, яъни салқин об-ҳавода тонг отгунга қадар олиб борилади.

Фарғона вилояти божхона бошқармаси томонидан 2020 йилда қиймати 30 миллион долларига тенг 13 минг 360 тонна гилос экспорт божхона режимига расмийлаштирилган. Гилос, асосан, Россия, Хитой, Корея, Литва, БАА, Польша, Украина, Бельгия, шунингдек, қўшни Қирғизистон ва Қозоғистонга экспорт қилинган.

Аввалроқ Ўзбекистон сўнгги 3 ойда неча долларлик мева-сабзавот экспорт қилгани маълум қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда экспортёрнинг муддати ўтган дебитор қарздорлиги учун жарималар бекор қилиниши хабар қилинган.

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15