«Орзу кемаси» Тошкентга қўнди: у ҳақдаги тасаввурингизга туртки берамиз...

Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропортида олтинчи "Boeing-787 Dreamliner" самолётини тантанали кутиб олишди. Шу муносабат билан «Орзу кемаси»да Орол денгизи минтақаси учун олиб келинган ижтимоий юкларни етказиб беришга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда “Uzbekistan Airways” AЖ раҳбарияти ва ходимлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда турли идоралар жамоатчилик вакиллари ва меҳмонлар иштирок этди.

“Dreamliner” ҳар доим энг аввало, йўловчилар қулайлигига эътибор қаратган. Унинг «Орзу лайнери» деб аталишидан ҳам англаш қийин эмас, шу боис моделдаги асосий инновацион ғоялар двигатель ва шассидаги шовқинни имкон қадар камайтиришга қаратилган.

Алоҳида эътироф этиш жоизки, Ўзбекистон Миллий авиаташувчиси 2016 йилнинг август ойидан бошлаб "Boeing 787 Dreamliner" самолётининг Марказий Осиёдаги биринчи буюртмачиларидан бири сифатида ушбу ҳаво кемасининг тижорий эксплуатациясини бошлаган. Мазкур русумдаги иккинчи самолёт 2016 йил ноябрь ойида, учинчиси эса 2018 йил май ойида авиакомпания паркини тўлдирган эди.

Юртимиз ҳамда авиакомпания раҳбарияти томонидан 2019 йилнинг апрелида тўртинчи ҳамда июль ойида бешинчи "Dreamliner" ҳам муносиб равишда қарши олинди.

Ушбу самолёт саҳнида ўзингизни илк дақиқаларданоқ уйингиздагидек ҳис эта бошлайсиз.

Айниқса, кираверишдаги ўзига хос кенглик дарҳол эътиборингизни тортади, чунки бу ерда кенг холл йўловчилар гавжумлашишининг олдини олади. "Dreamliner" ишлаб чиқувчилари самолётнинг ички муҳити ва дизайнига ҳам алоҳида эътибор билан ёндашган. “SkyInterior” махсус ёритиш тизими "Орзу лайнери"нинг парвоз босқичидан келиб чиққан ҳолда саҳн рангини ўзгартира олиш имконига эгадир. Ҳатто бир хил ёруғлик ҳосил қилиш учун иллюминатор ойналари ранги ҳам автоматик равишда қораяди.

Парвоз давомида саҳндаги ҳаво намлигини назорат қилувчи микроиқлим тизими ишлаб туради.

"Boeing" корпорацияси ва "Uzbekistan airways" авиакомпанияси ўртасида ижтимоий ёрдам етказиб бериш бўйича ҳамкорлик дастури доирасида ушбу лайнерда юртимизга ижтимоий кўмакнинг учинчи партияси ҳам олиб келинди.

Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш учун тақдим этилган мазкур инсонпарварлик ёрдам юки Орол денгизи минтақасига етказиб берилади. "Project C. U. R. E." (Commission on Urgent Relief and Equipment) томонидан тақдим этилган мазкур ёрдамнинг умумий қиймати 100 000 AҚШ долларини ташкил этади.

“Uzbekistan Airways” AЖ бошқарув раиси Илҳом Маҳкамов авиакомпания ва “Boeing” корпорацияси ўртасидаги узоқ муддатли ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг юқори даражасига фуқаро авиацияси соҳасидаги қўшма лойиҳаларни мамлакатимиз ҳукумати томонидан қўллаб-қувватлаб келинаётганлиги натижасида эришилганлигини ва ушбу ҳамкорлик бундан кейин ҳам самарали давом этишини таъкидлади.

Project C. U. R. E. (Commission on Urgent Relief and Equipment)нинг ҳукумат ва нодавлат ташкилотлар билан алоқалар бўйича директори Мелиса Эспости ва “Boeing Commercial Airplanes"нинг ҳукумат операциялари бўйича вице-президенти Билль Макшерри “Uzbekistan Airways” AЖ ва Ўзбекистон элчихонаси билан ҳамкорликда Қорақалпоғистондаги тиббиёт муассасаларига ёрдам бериш дастури бўйича ишлашдан мамнун эканликларини эътироф этиб, ҳамкорлик учун Миллий авиаташувчига ўз миннатдорчиликларини изҳор этди.

МАЪЛУМОТ ЎРНИДА

"Boeing 787−8" «Орзулар лайнери» йўловчиларининг барча эҳтиёжларини ҳисобга олган. Самолётнинг бизнес-классида 180 даражада очиладиган креслолар мавжуд. Иқтисод-класс ўриндиқлар орасидаги масофа кенглиги эса баланд бўйли одамларга ўриндиқда ўзларини қулай ҳис этишлари имконини беради. "Boeing 767" билан таққослаганда "Dreamliner" самолётининг ёқилғи самарадорлиги 10 фоизга, ҳар бир йўловчига нисбатан ҳисоблаганда эса 20 фоизга етади.

Самолёт корпусининг 50 фоизи композит, 20 фоизи эса альюмин материаллардан таркиб топган. Лайнер "GE Aviation" томонидан ишлаб чиқарилган GEnx-1B двигателлари билан таъминланган бўлиб, самолёт ишлаб чиқарадиган ташқи шовқин аввалги "Boeing" моделларига нисбатан 2 баробар кам.

Салоннинг ички диаметри "Boeing 767"га нисбатан 1 метр каттароқ. Кенг ўриндиқлар, янги пол қопламаси, ёритиш ва шовқиндан ҳимоя парвоз давомида ёқимли туйғуларни тақдим этади.

Шунингдек, самолёт саҳни ҳаво намлагичлар, йўловчилар учун алоҳида экранлар ҳамда катта мониторлар билан ҳам жиҳозланган.

Шуҳрат НЕЪМАТОВ , Нишон АБДУВОИТОВ, (сурат) ЎзА

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15