Ургут йўлларини қуришда “Claycrete II” - тупроқни барқарорлаштириш технологияси қўлланилади

Бу инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг «Халқ сўзи” газетасида чоп этилган мақоласида қайд этилди.

- Йўл қурилишида тупроқни барқарорлаштириш технологияси - “Claycrete II” ёрдамида Ургут туманидаги 216 минг квадрат метр йўл янги усулда таъмирланади. “Claycrete II” илғор инновацион ютуқларга асосланган, кимёвий безарар тупроқ стабилизатори бўлиб, ҳар турли мавсумий шароитларда йўл қопламаларининг мустаҳкамлигини таъминлаб беради. Бу акрил қоплама бўлиб, тупроқ йўллари шиббаланганида тошдан ҳам қаттиқ, мустаҳкам қоплама ҳосил бўлади, - дейди вазир. - Шу ўринда нима учун шу йўлларга жўн шағал ташлаб қўйиш мумкин эмас, шунча пул сарфлаш шартми, деган савол ҳам туғилиши мумкин. Гап шундаки, Ургут тоғли ҳудуд бўлгани учун у ерда ёғингарчилик кўп, сел келиш хавфи бор, ётқизилган шағални ёғингарчилик бир йилда ювиб юборади. Ушбу қоплама мустаҳкамлигидан ташқари, йўлнинг музлашига ҳам тўсқинлик қилади.

Бундан ташқари, мазкур технология асфальт йўл қуришдан 40 фоиз арзон. Агар анъанавий қурилиш ишлари амалга оширилганида 1 сменада 250 квадрат метр йўл қурилса, бу технологияда 5 минг квадрат метр йўл қурилишига эришилади. Йўл қурилиш харажатлари 1 квадрат метри 120 минг сўмдан 50 минг сўмга қисқаради, йўлдан фойдаланиш муддати эса 4 йилдан 15 йилга ошади.

Бундан ташқари, йўл қурилишининг экологик хавфсизлиги ҳам таъминланади. Ургут туманида қурилиши керак бўлган 216 минг квадрат метр йўлни анъанавий усулда асфальт ётқизиб таъмирлаш учун 73,8 миллиард сўм пул сарфланиб, 600 кун давомида амалга оширилса, инновацион технология асосида 70 кунда йўл таъмири якунланиб, 35,6 миллиард сўм миқдорида маблағ сарфланади.

2015-2024 © Ургут туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM
95x15