ТОЖИКИСТОНЛИК МЕҲМОНЛАР УРГУТДА

Ўзбек ва тожик халқларини азалдан мустаҳкам ришталар боғлаб туради. Бир-биримизни таржимонсиз ҳам яхши тушунамиз. Динимиз бир, урф-одат, анъана ва қадриятларимиз муштарак. Энг муҳими, самимий дўстлик муносабатлари, қон-қардошлик ришталари мустаҳкамланиши учун давлат раҳбарлари даражасида чоралар кўрилмоқда.

Шу йилнинг 1 март куни “Жартепа-Саразм” автомобиль ўтказиш пунктининг қайта очилиши ҳам айни мақсадга хизмат қиляпти. Ушбу чегара пости орқали яқин қўшнилар ўзаро борди-келди қилиб, бир-бирининг тўй-маросимларида иштирок этяптилар. Фестиваль ва бошқа нуфузли тадбирларида қатнашяптилар. Шунингдек, делегациялар алмашинуви ҳам ушбу йўл орқали амалга оширилмоқда.

Куни кеча Тожикистон Республикаси Суғд вилояти раисининг ўринбосари Анвар Ёқубий бошчилигидаги делегация туман ҳокими М.Турдиев, вилоят Инвестиция бошқармаси бошлиғи Ф.Мажидов ҳамда ташкилот ва муассасалар масъул ходимлари томонидан кутиб олинди. Делегация таркиби Суғд вилояти қишлоқ хўжалиги, инвестиция ва давлат мулки, капитал қурилиш бошқармалари раҳбарлари, шаҳар ва туманлар раислари, ишбилармон доиралар ҳамда қурилиш ташкилотлари вакилларидан иборат. 

Меҳмонлар дастлаб туманда барпо этилган интенсив боғлар фаолияти билан танишишди. 

Таъкидлаш ўринлики, давлатимиз раҳбарининг жойларда янги интенсив боғ-роғларни кўпайтиришга оид топшириқлари туманимиз ишбилармонлари, ер билан тиллашган миришкорлари, боғбонларини ҳам ташаббус майдонига чорлади. Жумладан, тадбиркор Жамшид Ҳайдаров бошчилигидаги боғбонлар яратаётган янги боғ-роғлар нафақат маҳаллий бозор эҳтиёжларини таъминлаш, балки хорижий давлатларга мева-чева экспорт қилиш борасида ҳам катта салоҳиятга эга. 1,5 миллион дона мевали дарахт кўчатлари ўтқазилган ер майдони агротехник тадбирлар маромида олиб борилгани сабабли бугун кўрган кўзни қувнатадиган улкан боғга айланган.

Тожикистонлик меҳмонлар ушбу ва шу турдаги бошқа боғларни кўздан кечириш асносида, уларни парваришлаш технологияси, замонавий суғориш тизимлари, ҳосилдорлиги, боғбонлар учун яратиб берилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Делегация аъзоларига Ургутда интенсив боғ яратиш тажрибаси, кўчат етиштириш истиқболлари ҳақида сўзлаб берилди. Қайд этилишича, боғбонларимиз ҳудудларга Европанинг “Скарлет спур”, “Букемская гала”, “Голден ренжер”, “Реджер” каби пакана ва ярим пакана олма навлари, шунингдек, бошқа турдаги мевали дарахтларнинг кўчатларини етказиб бермоқда. 

Меҳмонлар мевани сақлаш омборлари, совуткичлар, балиқ етиштириш ҳавзалари ва иссиқхоналар фаолияти билан танишиб, туман боғларида етиштирилган сархил мевалардан тотиб кўрдилар. 

- Ургут боғбонларининг миришкорлиги ҳақида кўп эшитганмиз, - дейди Бўстон шаҳар раиси Раъно Ҳошимзода. - Бугун гувоҳи бўлдикки, улар ҳақиқатан ҳам мева етиштиришнинг ҳадисини олган эканлар. Олма ва бошқа меваларни есангиз, танангиз яйрайди. Бизда ҳам моҳир боғбонлар кўп. Демак, ўзаро тажриба алмашиш ҳар икки томон учун фойдадан холи бўлмайди, деган фикрдаман.

Меҳмонлар “Ургут” эркин иқтисодий зонасида ҳам бўлишди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган ушбу саноат ҳудудида бугун сендвич панеллар, тунука рулонлар, полиуретан хомашёлари, полиэстер толасидан полиэфир тикув ипликлар, сунъий ва синтетик чиқиндилардан нотўқима мато ва пластик маҳсулотлар, пахта толасидан газламалар, полиуретан хомашёсидан сунъий тери маҳсулотлари, виллур ва велвет газламалар, ранг-баранг гиламлар, пайпоқлар, пойабзаллар, маиший техника жиҳозлари ишлаб чиқарилмоқда. 

Берилаётган имтиёзлар ва яратилаётган қулай шарт-шароитлар туфайли туманда саноат ва халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқаришда хусусий сектор ва кичик бизнеснинг улуши 99,9 фоизни ташкил этяпти. Эркин иқтисодий зонанинг самарали фаолияти юқори технологияли янги ишлаб чиқариш қувватларини йўлга қўйиш, ҳудудда замонавий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш имкониятларини кенгайтирмоқда.

Тожикистонлик меҳмонларга саноат соҳасида ишлаб чиқилиши кўзда тутилаётган янги лойиҳалар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

- Сафаримиз ниҳоятда кўнгилли ўтяпти, - дейди Суғд вилоят телевидениеси журналисти Жаҳонгир Бобоев. - Қаерда бўлмайлик, бизни очиқ чеҳра, хуш калом билан кутиб олишяпти. Биз ҳам таассуротларимизни имкон қадар видеотасмага муҳрлаб боришга ҳаракат қиляпмиз. Тожикистонга қайтгач, ушбу сафаримиз акс этган лавҳаларни телевидение орқали оммага етказиш истагидамиз.

Ҳар икки томон вакиллари ушбу сафар баҳонасида ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш, ўзаро фикр ва тажриба алмашиш имконига эга бўлдилар.
 

Нусрат БОБОЕВ

2015-2024 © GOVERNMENT OF URGUT DISTRICT. Maked by: SAKTRM
95x15